Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ҳаммаси Президент келиб-кетгуничами?» — Фарғонада тадбиркор аёл кўчага ҳайдалмоқда

«Ҳаммаси Президент келиб-кетгуничами?» — Фарғонада тадбиркор аёл кўчага ҳайдалмоқда

Кутилмаганда юришиб кетган ишларига кутилмаганда тушов тушди. Энг ёмони, кеча ёрдам қўлини узатганларнинг ўзи бугун барчасига тўғаноқ бўлишаётир.

Хуллас, Фарғонада ажаб савдолар...

Пандемия кучайиб, йўғон чўзилиб, ингичка узилишга тушаётган пайтда фарғоналик Ҳавасхон Аливердиева хайрли ишга бел боғлаганди. Ўзига ўхшаган ёлғиз ва боқувчиси йўқ аёлларни ишли қилиш ҳаракатига тушганда елкасига қоққанлар ҳам, керакли ёрдамини аямаганлар ҳам етарлича топилди. Натижада банкдан муаммосиз кредит олди, хат-ҳужжатларига ҳам кўп югурмади. Ёшлар иттифоқининг (ташкилот номи ўзгарган, янгисига ҳали қулоқ «ўрганиб» улгурмагани боис эскиси билан ёзиб турайлик ҳозирча) Фарғона шаҳар бўлими раиси Аҳаджон Акрамовнинг кўмагини-ку бошқаларники билан таққослаб бўлмайди ҳатто. Шаҳар ёшлари етакчиси ўз ташаббуси (!) билан аёлга таклиф билан чиқди: «Тикувчилик цехи учун текинга жой берсак, нима дейсиз?»

«Жон дейман-да!» — деди Ҳавасхон.

Раис гапининг устидан чиқди: Ёшлар иттифоқининг янги таъмирдан чиққан биноси ертўла қисмидан Ҳ. Аливердиеванинг «Havas-A» хусусий корхонасига жой ажратиб берди!

Кўмакми? Кўмак!

Савобми? Шунисига бироз шошмай турсак. Негаки, савоб-гуноҳ масаласида «фатво» чиқариш бизгамас. Қолаверса, айтадиган бир-иккита гаплар бор.

Мутасаддиларнинг ҳаммасиям хайрли иши савобидан барака кўтарилишига андиша қилиб, бировга берган беғараз ёрдам-кўмакларини пинҳон тутишни хоҳлашмайди. Аксинча, бу ҳақда қўшиб-чатиб ижтимоий тармоқ ёки оммавий ахборот воситалари орқали жар солишга иштиёқмандки, ҳаммасидан «юқори»га ҳисобот бериш муҳим. Буни тушуниш мумкин, албатта: талабга яраша таклиф шу-да. Ҳ. Аливердиевага кўрсатилган кўмак ҳам бундан мустасно бўлмади. Дарҳол ижтимоий тармоқлар орқали хабарлар ёйилди: «...Фарғонада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласида Ёшлар иттифоқи Фарғона шаҳар кенгаши яна бир ташаббусни амалга оширди. Кенгаш биносидан «Havas-A» хусусий корхонасига махсус хоналар бепул ажратиб берилди. Бу орқали яна 4 та иш ўрни яратилди...» Шу мазмундаги хабарларга Фарғона шаҳар ҳокими ва прокурори янги тикув цехига келиб, шароитлар билан танишгани, пандемия пайтида хўб хайрли юмушга қўл урган тадбиркор аёл билан тушган суратлари илова қилинди... Ана эътибор-у мана эътибор! Кўзга чирт ёш келади-ей...

Бундай эътиборни ҳатто тушида кўрмаган Ҳ. Аливердиеванинг иштиёқи чандон ортди. Ўнта иш ўрни яратишни чамалаган аёл миқдорни ўн еттитага етказди. Ўттиз миллион сўм кредитга тўртта тикув машинаси олганди. Унга ўзидаги биттаниям қўшди, камига қарз кўтариб, яна олти дона тикув машинаси келтирди. Ишга қабул қилинган аёллар орасида бирорта уруғ-аймоғи йўқ, ҳаммаси бандлик марказида рўйхатга олинган («темир дафтар»даги оила вакиллари, «ўтириб чиққан» аёллар ва ҳ.к.) хотин-қизлар денг... Хуллас, Ҳавасхоннинг қилган иши, ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши кўрсатган кўмак қанча-қанча ҳисоботларни безаб, қанча-қанча ахборотларга мавзу бўлмади, дейсиз...

Бундай «урҳо-ур», «бўлҳо-бўл»лар бежиз эмаслигини содда аёл сал кейинроқ билди. Нега десангиз, у иш бошланиши мамлакат Президентининг Фарғонага ташрифига тайёргарлик пайтига тўғри келган, ишлари бароридан келаётганининг сабаб шунда экан, сираси! Рост-да, пандемия боис одамлар қозонини сувга ташлаётган пайтда битта иш ўрни яратаман деган аёлнинг пешонасидан чўлпиллатиб ўпилмайдими? Агар у давлат раҳбари ташрифи арафасида шундай юмуш бошини тутиб турса-чи?! Шаҳар ҳокимию прокурори келиб, ҳол-аҳвол сўраши ва бирга тушган суратлари ижтимоий сайту тармоқларда тарқатилиши бесабаб эмас экан, хуллас!

Шу йилнинг 1 июль куни иш бошлаган «Havas-A» хусусий корхонаси 45 кун деганда фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди: карантин! Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Фарғонада ҳам карантин қоидалари қайтадан жорий этилди.

У ёғини сўрасангиз, карантин чекловлари қайта жорий этилиши ҳамоно Ҳ. Аливердиевага ҳайдалиш куйини чалиш»га ишоралар бошланди. Бу очиқ-ошкора, ҳатто ҳақоратомуз оҳангларда янграганига нима дейсиз?! Ким томонидан? Ўз ташаббуси билан аёлга жой бериб, олқишу мақтовларга кўмилган Ёшлар иттифоқи Фарғона шаҳар кенгаши раиси томонидан-да! Нега? Жиддий сабаб йўқ, майда-чуйда гап-сўзлар бор, холос. Нима бўлгандаям, икки ўртада тузилган шартномага кўра, «Havas-A» хусусий корхонаси келаси йилнинг 1 июнигача жойидан жилмаслиги керак! Хусусий корхона «саховатпеша»га тирик товон бўлаётгандир-да, дейишга ҳам асос йўқ: энергия ресурслардан фойланиш учун алоҳида ҳисоблагич ўтказилган, тўловлар аёлнинг гарданида!

Қандайдир жиддий сабаб бўлса керак барибир, дерсиз? Эҳтимол. Бироқ ҳозирча ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши томонидан Ҳ. Аливердиевага бир неча юз дона футболка ва шапка (шаҳар ёшлари учун текин тарқатишга) тикиб бериш айтилгани-ю аёл бу илтимосни рад қилгани ҳақида гап-сўзлар бор, холос. Аёл «илтимос»ни тўлиқ рад қилмаган, айтганча. Фақат керакли матони олиб келиб беринг, майли, меҳнати биздан, деган экан аёл. «Меҳнатига қўшиб, матосиям ўзингиздан бўлса-чи?» деган учирмага Ҳ. Аливердиеванинг: «Вой, акажон, иш бошлаганимизга бир ой бўлгани йўқ ҳали, ҳар ой қарзу кредитдан ташқари 17 нафар аёлнинг маоши бор, елкадан нафас олиб турган пайтимизда қандоқ ҳомий бўлишимиз мумкин?» мазмунидаги гаплари бино эгаларига оғир ботган кўринади. Оғир ботганики, аёлнинг Бизнес-омбудсман вакили ва Олий Мажлис депутатига мурожаатларидан наф чиқмади, раис кимга мурожаат қилманг, масала мен билан ҳал бўлади, дея оёқ тираб турибди. Аёлнинг ёрдам сўраб қилган мурожаатига шаҳар ҳокими ҳам «масалани А. Акрамов ҳал қилади-да», дея қуруқ гап билан жавоб қилган бўлса, прокурорники ҳаммасидан ошиб тушди: «...Шаҳарда нима кўп — сотиладиган бинолар кўп, шулардан биттасини аукционда сотиб олинг, муаммоингиз ҳал!» Ўттиз миллион кредит, насияга олган олтита тикув машинасининг ойма-ой тўловларидан ташқари 17 нафар ишчининг маошидан бели чиқай деб турган тадбиркорга аукциондан объект сотиб олишни тавсия қилиш — худдики бозордаги аравакашга Дубайда ҳордиқ чиқаришни маслаҳат бериш билан баробар эмасми?!

Қисқаси, икки ўртада қандай низо чиққан бўлсин-бўлмасин, аёлга «ҳайдалиш куйини» чалишга мажбур қилинаётгани, мутасаддиларнинг масалага бир қадар хотиржам ва бепарво қараётгани шундан далолат беради: давлат раҳбари келиб-кетди, керакли ҳисоботу ахборотлар топширилди, кейинги ташрифгача — Худо пошша!

Мана сизга аҳвол!

...Кеча кечқурун дуч келган муаммодан еру кўкка сиғмаётган Ҳавасхон Аливердиева яна сим қоқди: «Ака-а-а, — деди зорланиб боёқиш, — ҳозир менга айтишди, агар душанба куни жойни бўшатмасам, тикув машиналаримни кўчага улоқтиришар экан?»

— Бунчаликка боришмас?

— Билмасам...

— Уялмаса, қилаверсин...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг