Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кексаларни нишонга олган йирик “колл-марказ” жинояти очилди

Кексаларни нишонга олган йирик “колл-марказ” жинояти очилди

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида халқаро миқёсда йирик миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган уюшган жиноий гуруҳ фош этилди.

Аниқланишича, Фарғона шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро раҳбарлик қилган 34 нафардан иборат жиноий гуруҳ Фарғона ва Тошкент шаҳарларида биноларни ижарага олиб, “колл-марказ”лар ниқоби остида ноқонуний фаолият юритган.

Жиноий гуруҳ ахборот технологиялари орқали Россия Федерациясида дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг 70 мингдан ортиқ мижозлари ҳақидаги шахсий маълумотларни қўлга киритган.

Мазкур маълумотлар асосида махсус ўқитилган операторлар SIP телефония ва “Zoiper” иловаси орқали, асосан кекса ёшдаги фуқароларга қўнғироқ қилиб, ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки банк ходимлари сифатида таништирган. Улар гўёки компания томонидан сифатсиз дори воситалари сотилгани учун 500 мингдан 580 минг рублгача компенсация тўлаб берилиши айтилган.

Бироқ ушбу “компенсация”ни олиш учун аввал 5 мингдан 20 минг рублгача миқдорда “солиқ” тўлаш талаб этилган. Натижада жабрланувчилар жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тақдим этилган турли банк карталарига жами 9 миллион 599 минг 561 рубль пул ўтказиб беришган.

Шунингдек, гуруҳнинг 3 нафар аъзоси криптовалюталар савдосини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олмасдан, амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда қарийб 470 минг АҚШ долларига тенг крипто-активлар айланмасини амалга оширгани ҳам аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди ҳукмига кўра, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Жиноят кодексининг 168, 243, 278-7 ва 278-8-моддалари билан айбли деб топилди. Улардан 21 нафарига 3 йил 6 ойдан 9 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Қолган 13 нафарга нисбатан 4 йил 3 ойдан 4 йил 6 ойгача озодликни чеклаш жазоси ва жарималар қўлланилди. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни ундириш белгиланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг