Ҳоким алмашди, лекин муаммолар қолди. Қашқадарёнинг янги раҳбари Мурод Азимовга мактуб
Ассалому алайкум, ҳурматли Мурод Бердиалиевич!
Биласизми, мен қишни ёмон кўраман. Камина азим шаҳарда эмас, одамлар ўтин-чўп ёки таппи ёқиб жон сақлайдиган қишлоқда улғайганим учундир. Совуқ тушгандан ҳамма ўз уйига биқиниб олади. Кўчалар бўшайди. Дарахтлар, йўллар мунғайиб, тумтайиб қолади. Одамлар етти-саккиз бўлмасдан, бошини кўрпага буркаб, уйқуга кетади.
Бу вақтда пойтахт Тошкентда кўчалар чароғон, таомхоналар обод ва гавжум, одамлар турли жойларда маданий ҳордиқ чиқараётган бўлади.
Сиз ҳам қишлоқда улғайгансиз. Чанг кўчаларда униб-ўсгансиз, дарёлардан сув ичгансиз. Қишлоқнинг шароитини яхши биласиз. Аммо барибир бир қаламкаш сифатида ўз фикрларимни бўлишгим келди.
Президент ҳар Қашқадарёга келганида куюниб бир гап айтади: «Қашқадарё халқи ўз салоҳиятига муносиб ҳолда яшамайди. Бу ерда қилинадиган иш кўп» .
Шу сабабдан сизга ушбу мактубни ёзишни мақсад қилдим. Халқ муаммоларини кузатиб юрган оддий журналистнинг мурожаати ўлароқ қабул қилинг.
Қашқадарёда уч йирик муаммо бор: электр, коррупция ва ишсизлик муаммоси. (Муаммолар бутун Ўзбекистонга тегишли, аммо ушбу вилоятда аҳвол янада жиддийроқ). Шу учови имкон қадар юмшатилса, одамларга анча осон бўлади. 2016 йилдан кейин электр таъминоти яхшиланганига қарамай, баъзан чироқнинг «касали» тутиб қолади. (2020 йил бунинг шахсан гувоҳи бўлдим).
Мана бугун, 2021 йил 19 ноябр. Икки кун аввал яхшигина қор ёғди. Электр таъминотида муаммолар бошланди. Бугун Китоб туманида электр соатлаб бўлмади.
Кўп жойларда трансформаторлар ўта эскирган. Аҳоли эса, 1991 йилга нисбатан кескин кўпайган. Чунончи мен яшаётган маҳалла икки баробарга кенгайди, лекин трансформатор 20 йилдан бери қимир этмай турибди. Қишлоқ ичкарисидаги айрим симёғочларнинг олдидан эса одам юрагини ҳовучлаб ўтади.
Ўйлайманки, бу муаммо Қашқадарёнинг жуда кўп маҳаллаларига тегишли. Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради.
Ишсизлик муаммоси. Вилоятлар орасида биронтаси Қашқадарёчалик ўзининг энг салоҳиятли фарзандларини пойтахтга, чет элга бериб юбормаган бўлса керак. Баъзан, Тошкент қашқадарёликлар бисёр экани ҳақидаги гап-сўзлар, ҳазиллардан дилим оғрийди. Албатта, уларнинг салмоқли қисми юқори лавозимларда ишлайди, савдо-сотиқ, бизнесда ўз ўрнига эга. Аммо...
Уларга ортга қайтиш тугул, бир ҳафта бориб Қашқадарёда яшаб келиш ҳақида гапириб кўринг-чи? Электр йўқлиги, уйлар исимаслиги, тадбиркорлик қилишда бюрократия ва тўсиқларнинг кўплиги ҳақида сўзлашади.
Китоб тумани ҳокими билан суҳбатда туман раҳбари даромаднинг асосан қишлоқ хўжалигидан келишини таъкидлаган ва қарзлар ҳақида гапирганди. Айнан Китоб, Шаҳрисабз туманларида пичоққа илинадиган корхона, ишлаб чиқариб муассасалари йўқ. (Қайтанга шўро ва мустақилликнинг дастлабки даврларида ишлаганлар ёпилди).
Ва ниҳоят коррупция муаммоси. Вилоятнинг аввалги раҳбари Зойир Мирзаевдан иқтибос:«Коррупция агентлиги раҳбари билан бирга йиғилиш ўтказдик. Унда Қашқадарё энг кўп коррупцион хатоликлар йўл қўйилган ҳудуд дея топилди. Мана тиббиёт ва таълим бўйича йиғилиш ўтказдик. Энди қачонгача давом этади бу ҳолатлар?»
Ўша йиғилишда қатнашган собиқ Халқ таълими вазири вилоят мактаблари «таниш-билишчилик кучайгани» ва «директорлар атрофига қариндошларини йиғиб олганини» танқид қилганди . Бу роппа-роса бир йил аввалги гап.
Бундан кўринадики, Қашқадарёдаги коррупция юқори минбарлардан туриб ҳам тан олинган. Айбни тан олиш эса мард одамнинг иши.
Ана шу уч муаммога нисбатан таъбир жоиз бўлса, уруш очмоқ керак.
Мактубимни давлатимиз раҳбарига оид фикр якунламоқчиман:
«Бу замин улкан имкониятларга эга. Лекин унинг иқтисодиёти ва ижтимоий соҳалар аҳволи бунга мутлақо мос эмас. Охирги 10 йил ичида ялпи ички маҳсулотдаги вилоят улуши 9,4 фоиздан 7,1 фоизга, саноатдаги улуши эса 11 фоиздан 6 фоизга тушиб кетган.
— Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот мамлакатимиздаги энг паст кўрсаткичлардан бири.
Қашқадарё эли шунга муносибми?».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter