Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳоким «ҳайфсан» олди

Ҳоким «ҳайфсан» олди

Бухоро вилояти, Когон шаҳар ҳокими Ҳаёт Давлатов 2021 йилнинг 3 март куни халқ депутатлари Когон шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида лавозимга тайинланган эди.

Тайинловдан 11 ой ўтгач, Когон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ҳисобот берганда, хароба уйлар ўрнида кўп қаватли турар жойлар қуриш учун президентдан пул сўрашини билдирган. «Хароба уйлар ўрнида кўп қаватли турар жойлар қуриш учун президентдан пул сўрайман», – деганди.

Худди шу ҳисобот давомида Когон шаҳри ҳокими Ҳаёт Давлатов тартиб-қоидага зид бўлса-да, хизмат автомашинасига сирена ўрнатганини билдирганди. Ҳоким ўз сўзига: «Тунда ҳудуд кўчалари бўйлаб юрганда бунинг фойдаси тегади. Чунки аксарият жиноятлар одатда тунда содир этилади. Сирена товуши қабиҳ ниятли кишини ҳушёр торттиради, эс-ҳушини йиғиб олишга ундайди», – дея изоҳ берганди.

Орадан кўп ўтмай, тартиб-қоидага зид хатти-ҳаракатда бўлган Когон шаҳар ҳокимига нисбатан ички ишлар органлари томонидан чора қўлланилган.

Бухоро вилояти ахборот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 11 март куни ҳам ҳоким «ҳайфсан» олган. 

Маълум қилинишича, Ҳаёт Давлатов маҳалла ободлигини таъминлаш, шу жумладан, «Обод маҳалла», «Обод кўча», «Обод хонадон» мезонларини жорий этишда аҳолининг фаол иштироки ва масъулиятини ошириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатлари, аҳоли хонадонларида  эрта баҳорги экинларни экиш ишларини ташкил этиш, ҳашар уюштириш бўйича белгиланган топшириқлар ижросини таъминлашда жиддий камчилик ва қолоқликларга йўл қўйган.

Бунинг учун Когон шаҳар ҳокими Ҳаёт Давлатовга нисбатан вилоят ҳокимининг тегишли фармойишига асосан, «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.

Маълумот ўрнида: Ҳаёт Давлатов 1979 йилда Пешку туманида туғилган, 1999 йилда Санкт-Петербург давлат университетини, 2006 йилда Бухоро давлат университетини ҳамда 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Мутахассислиги менежмент, иқтисодчи.

У иш фаолиятини Бухоро вилояти монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш ҳудудий бошқармасида оддий назоратчи сифатида бошлаб, Бухоро вилояти ҳокимлиги иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Бухоро вилояти қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш консалтинг маркази директори, Бухоро вилояти Инвестиция бош бошқармаси бошлиғи,  вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаб келган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг