Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳозир шу ердамисиз? (Психолог ҳикояси)

Ҳозир шу ердамисиз? (Психолог ҳикояси)

Қабулимга бир аёл келди. Кўзларида чарчоқ, юзида тинимсиз изланиш. Унинг ҳикояси шундай бошланди:

– Менинг турмуш ўртоғим охирги вақтларда ўзгариб қолган. Ташқаридан қараганда ҳаммаси рисоладагидек: масъулият, бурч, вазифа... Ҳаммаси жойида, лекин... унинг ўзи йўқдек гўё.

Ҳеч нимани ҳис қилмайди, гаплари самимий эмас, темир одам, дейсиз! Илгари биз соатлаб гаплашардик ва мен самимийлик, қалбан яқинликни ҳис қилардим. Ҳозир эса қаршимда темир инсон тургандек.

Қарашларида ҳаётдан асар йўқ. Мен эрим билан эмас, унинг қандайдир сояси билан яшаётгандекман.

Эрим қаёққа кетди? Мен уни қандай йўқотдим?

Мен клиник психолог сифатида юқоридаги ҳолатни жуда кўп дуч келаман. Бу – шахсиятнинг “сўниши” ёки “узилиши” ҳолати.

Улар кимлар? Мазкур тоифа турлича, лекин умумий жиҳатлари бор:

1. Хаёл ва фантазияда яшовчилар (шизоидлар).

Бу тоифа ўз оламида яшайди. У ерда ҳаёт гўзал, идеал. Реал ҳаёт эса оғриқли. Шунинг учун у ердан юз ўгирган.

Одатда:

– жамиятга кам аралашади;

– ҳиссиётсизликни меъёрий ҳол деб билади;

– ички хаёлот олами билан тана узилишда.

Руҳий асоси: нафс лаввома ва нафс аммора ўртасида. Ҳали шахсий масъулиятга тайёр эмас. Фантазия – қочиш усули.

2. “Кучли бўлиш” ниқоби остида яшовчилар (психастениклар).

Улар учун ҳис қилиш – заифлик. Танасини қаттиқ ушлаб туради, ҳатто елкалари доим кўтарилган бўлади.

– Нафаси юзаки;

– кўзларида чарчоқ, юзи қотган;

– "мен яхшиман", "менга ёрдам керак эмас".

Руҳий асоси: нафс аммора. Ҳануз “бошқалар мени қандай кўради?” деган қулликда.

3. Ташқи ниқобли, лекин ички ўзаксиз инсонлар (ислоҳ қилинмаган нафс; нарцисслар, истероидлар кириши мумкин).

Уларнинг юзида табассум, танасида ҳаёт кўринади. Лекин сизнинг қалбингиз шундай деб қичқиради: “Бу сохта”.

– Улар одамларга мослашади, лекин ўз “мен”и йўқ;

– қарорлари шубҳали, кўп ўзгарувчан;

– ҳар доим бир тоифага мослашган.

Бу – шахсият шаклланмагани. Нафс амморанинг таассуротларида яшаш. Ҳали “мен кимман?” саволига жавоби йўқ.

4. Ҳаётда эмас, ўтмиш ёки келажакда яшовчилар (невротиклар):

– ўтмишдаги аламлардан чиқолмаган;

– ёки доим келажак учун хавотирда;

– ҳозирги танаси, нафаси, сониясини ҳис қилмайди.

Руҳий асоси: нафс лаввома. Англаш бошланган, лекин қабул қилиш йўқ. Уларда қандай жисмоний аломатлар бўлади?

– Елкада зўриқиш, чеҳрада ёлғон табассум;

– Нафас юзаки, кўзда ҳаёт йўқ;

– Қўли ҳаракат қилади, лекин астойдил, чин қалбдан эмас;

– овқат ейди, аммо таъмни ҳис қилмайди;

– танасида “муз” бор: ҳислар совуқ ёки бутунлай йўқолган.

Шахсиятнинг тикланиши — танага қайта туташишдан бошланади.

Ҳақиқий инсон – танаси, ҳиссиёти ва ақли уйғун бўлган инсондир.

Қалб, тан, ақл – бир занжир. Биттаси узилса, бутун бошли “мен” парчаланади.

Бу инсонлар ўзини йўқотган. Уларнинг кўпчилиги:

– ҳеч қачон ўзини тингламаган;

– ҳақиқий "мен"га қадам қўймаган;

– танаси, қалби ва руҳини бирлаштирмаган.

Мазкур ҳолатдан чиқиш, ақл, тана, қалб ҳис-туйғулар уйғун ҳолатга қайтиш мумкинми? Албатта, лекин бу бироз оғриқли кечиши эҳтимолдан холи эмас...

Келинг, масалани бизга мурожаат қилган аёл мисолида кўриб чиқамиз. Аввало, унинг турмуш ўртоғининг ўзгарганини англаб қолганлари, бу – илк қадам.

Таҳлил ва тушуниш: мазкур ҳолга тушиш сабабларини кўриб чиқиш. Англанилмаган ҳолатлар бизга тинчлик бермайди. Тушуниш руҳий хотиржамлик бахш этади.

Вазиятдан чиқиш учун ҳаракат қилиш. Ўзини ва ўзлиги йўқотмаган ҳолда.

Суқрот айтганидек, "инсонга берилган тўғри саволлар – унинг руҳий уйғонишидир"

Мулоқот орқали саволлар бериш ва мутахассисга мурожаат қилишга кўндириш мумкин.

 Қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда муносабатларда бахтли бўлиш, ўзаро тушуниш, тўлдириш ва қўллаб қувватлаш керак. Юқоридаги ҳолатни гўёки бир музлаган қишга қиёсласак, унинг эриши учун илиқ меҳр, қалб қуёшидан чиққан муҳаббат ва эзгу ният зарур бўлади.

Сизга дил хотиржамлик ва тан сиҳатлиги тилаб,

Гули Тўраева,

тиббий психолог

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг