Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ильза Кох – Бухенвальд жодугари

Ильза Кох – Бухенвальд жодугари

Дунё Ильза Кохни Бухенвальд жодугари сифатида эслайди. Ильза 1906 йилда Германиянинг жанубий-шарқий қисмида жойлашган Бавариянинг Дрезден шаҳарчасида ишчи оиласида туғилган. Мактабда у яхши ўқиган. Ўқишни тугатгандан сўнг фабрикада ва шаҳар кутубхонасида ҳарф терувчи бўлиб ишлади.

Аммо 1932 йилда янги ташкил этилган партияга ишга киргач Ильзанинг ҳаёти кескин ўзгарди.  

Меҳнатсевар ва чиройли қиз эркаклар эътиборини тортди ва тез орада Заксенхаузен концлагерининг коменданти Карл билан танишди.

Ильза мамнуният билан эрига яқин ёрдамчи бўлди. Гарчи Бухенвальдда мавқеи йўқ бўлсада, тез орада у ўзини қаттиққўл бошлиқ эканлигини исботлади. Лагердаги бутун аёл ходимларни назорат қила бошлади. Маҳбуслар Ильзанинг эридан кўра аёлдан  кўпроқ қўрқишарди. У очиқчасига ваҳшийлик қиларди: унинг энг севимли машғулотларидан бири «айбдор»ларни итга талатиб ҳузур қилиш эди. Ёки у маҳбусларни қамчи билан ҳолдан тойгунча урарди. Ҳаттоки оқ отда лагерни айланаркан унга бехосдан кўзи тушиб қолганларни ҳам калтакларди. Татуировкали маҳбуслар Кохнинг ҳақиқий иштиёқига айланди. Унинг ўзи маҳбуслар орасидан эркаклар танлар ва баданига татуировка чизилганми ёки йўқми текшириб кўрарди. Айниқса Япония, Малайзияда хизмат қилганларнинг татуировкалари қизил ва яшил рангда чизилгани учун Ильзанинг илҳомига илҳом қўшарди.

Унинг эътиборига тушган бахтсиз одамлар ўлдирилар, татуировка қилинган терилари шилиб олинарди. Ушбу тери бўлакларидан Ильза уй анжомлари, масалан, абажур, яъни стол лампалари учун ғилофлар ясади.

Аммо Ильза бу билан тинчланмади. У ўз маҳоратини оширишни яхши кўрарди: инсон терисидан қўлқоп ва ҳатто ички кийим тикишни бошлади.

У маҳбусларнинг азоблари ҳақида ўйлашдан завқланарди. Маълумотларга қараганда аёлнинг хонасида инсон ички органларининг бутун тўплами мавжуд бўлган.

Ильза Кохнинг ўзига хос шафқатсизлиги ва ўзбошимчалиги эътибордан четда қолмади. Эр-хотинга огоҳлантириш берилди ва кейин ҳибсга олинди. Аммо улар жазодан қочишга муваффақ бўлишди ва тез орада эр-хотин яна Бухенвальдга қайтишди. Уларнинг устахоналарида маҳбуслар терисидан минглаб маҳсулотлар ишлаб чиқарила бошланди: сумкалар, соч қисқичлари, китоб муқовалари, ҳамёнлар ва откриткалар.

1944 йилда маълум бўлишича, эр-хотин томонидан талон-тарож қилинган қимматбаҳо нарсалар Рейхсбанк ғазнасига тушмаган, балки Кохнинг шахсий мулкига айланган. Бундай катталикдаги ўғирлик муқаррар суд ва қатлни англатарди. Карл трибуналга олиб келинди ва лагер ҳовлисида отиб ташланди.

Ильза қочиб кетди ва 1947 йилда ҳибсга олинмагунча озодликда эди. Ўлим жазосидан қочиш учун аёл ҳомиладор бўлишга қарор қилди. Прокурор Ильзанинг аҳволига қарамай, ўлим жазосини талаб қилди, аммо у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Қамоқхонада у ўғил туғди. Бир йилдан кейин ундан болани олиб қўйишди. Бола улғайгач онасининг ҳақиқий ўтмишини билиш учун олдига кела бошлади. 1967 йилда Ильза 60 ёшида чойшабдан илмоқ ясаб ўзини осди. Йиллар ўтиб, унинг ўғли онасининг айбсизлигини исботлашга ҳаракат қилди, аммо Бухенвальд маҳбусларининг далиллари жодугарнинг қора ишларини ҳеч қанақасига яшира олмади.  

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг