Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жалақудуқда цемент заводи одамлар ҳаётига хавф солмоқда. Мутасаддилар нега жим?

Жалақудуқда цемент заводи одамлар ҳаётига хавф солмоқда. Мутасаддилар нега жим?

«Xabar.uz» таҳририятига Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги Ҳасанқовоқ маҳалласи фуқаролари номидан мурожаат келди.  Қуйида ана шу мурожаатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

«Ассалому алайкум ҳурматли «Xabar.uz» таҳририяти! Биз ёзаётган муаммо ҳеч қайси ташкилотни қизиқтирмагач, сизларга ёзишга қарор қилдик. Зора бизни эшитишни истамаган мутасаддилар шундан кейин додимизга қулоқ тутса.

Гап шундаки, маҳалламиз яқинидаги Қўрғонтепа тумани ҳудудида янги цемент заводи қурилиб 1-босқичи ишга туширилган. Албатта, бирор бир ҳудудда янги корхона ишга тушиши жуда қувонарли ҳол, бунинг устига бугун давлатимиз раҳбари қўяётган асосий талаб ҳам шу — тадбиркорлик ва ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш. Чунки бу орқали ҳудудда янги иш ўринлари пайдо бўлади, иқтисодиёт ривожига озми-кўпми ҳисса қўшилади. Аммо бу — бизнинг назаримизда, шу ҳудудда яшаётган одамлар ва атроф-муҳитнинг ҳаётига хавф солиши эвазига бўлмаслиги керак.

Цемент заводи

Завод ишга тушгандан бери кучли шовқин, ишлаб чиқариш чанги ва тутини маҳалламиз тинчини бузди, соғлиғимиз ва ҳаётимизни жиддий хавф остига қўйди. 2018 йил январь ойидан бери давом этиб келаётган бу ҳолат юзасидан мурожаат қилинмаган ташкилотнинг ўзи қолмади. Туман ҳокимлигидан тортиб, прокуратура, экология бўлими, санитария-эпидемиология станциясигача... Биз мурожаатимизда корхонани бутунлай йўқ қилишни эмас, балки биз яшайдиган жойдан узоқроққа кўчиришни сўрадик. Аммо минг афсуски, арзимизни тинглайдиган бирор киши ё ташкилот топилганича йўқ.

Цемент заводи

Биз Президентнинг виртуал кабулхонасига ҳам ариза билан мурожаат қилдик. Шундан сўнг, 3 апрель куни вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари келиб маҳалламиз хонадонларидан атмосфера ҳавосини олиб текширув ўтказди. Натижада ҳавода ифлослантирувчи моддалар миқдори меъёридан анча ортиқ экани аниқланди. Лекин барибир ҳеч нарса ўзгаргани йўқ: муаммо — муаммолигича қолмоқда.

Қуриб бораётган ниҳоллар

Биламиз, цемент заводи эгасига, давлатимизга моддий наф келтиряпти. Лекин тарозининг иккинчи палласига шу ерда яшайдиган одамларнинг соғлиги, деҳқончилиги, дов-дарахти ва чорвасини қўйсак, қайси томон оғир келади?!

Ҳавода ифлослантирувчи моддалар миқдори меъёридан анча ортиқ экани аниқланди

Бугун Президент олиб бораётган ислоҳотлар инсонларнинг орзуларини рўёбга чиқаришга қаратилганини оммавий ахборот воситалари орқали кўриб, ўқиб, эшитиб турибмиз. Ана шу нарсани ўз ҳаётимизда рўй беришини, унинг аҳамиятини ўз кўзимиз билан кўриб, қалбимиз билан ҳис этишни истаймиз. Агар Ўзбекистонда инсон қадри баланд экани рост бўлса, зарарли ҳаводан бизни қутқаринг!

Умид билан, Ҳасанқовоқ маҳалласи аҳолиси номидан М. Комолов, Р.Мўминов, М.Ҳусанов, М.Тожибоев, С.Мўйдинхўжаев, К.Насриддинов, Д. Жумабоев, С.Джабборов».


Таҳририятдан: «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали ушбу масала юзасидан мутасаддилардан изоҳ кутиб қолади. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг