«Effect.uz» ходимларига оид жиноят иши Қашқадарёда кўрилади
«Effect.uz» сайтининг ходимларига нисбатан юритилган жиноят иши мазмунан Қашқадарё вилоят судида кўриб чиқилади. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати хабар берди.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг январь ойида «Effect.uz» сайти ходимларининг жиноят ишлари бўйича Термиз туман судидаги хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраб, Судьялар олий кенгаши раиси томонидан Бош прокурорга тақдимнома киритилганди.
Ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, Жиноят кодексининг 236-(тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш) ва 219- моддалари (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилади.
Тергов ҳаракатлари жараёнида жиноят ишига алоқадор бўлган «Effect.uz» сайтининг 2 нафар мухбири ва 1 нафар аёл номаълум сабабларга кўра терговга келишдан бўйин товлашгани, уларга нисбатан сиртдан айб эълон қилиниб, қидирувга берилади. Сўнг, айбланувчилар топилиб, мажбурий келтирилганидан сўнг қўлланилган эҳтиёт чораси ўзгартирилади.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари якунига етиб, жиноят иши мазмунан судда кўриб чиқилишига тайёрланмоқда.
«Effect.uz» сайти ходимлари юқорида қайд этилган айбловлардан ташқари Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «а» ва «г» бандлари (ўзгани ўта оғир жиноятда айблаб, ғаразгўйлик ва паст ниятларда туҳмат қилиш) ва 140-модданинг 3-қисми «а» банди (жабрланувчини ўз хизмат бурчини бажариши билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) билан ҳам айбланмоқда.
Сурхондарё вилоятининг жиноят ишлари бўйича Термиз туманида юз берган воқелик юзадан қўзғатилган жиноят иши қўшни вилоят судида кўрилиши холисликни таъминлаш юзасидан амалга оширилган чора ҳисобланади, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter