Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фарзандлари ўқиши учун машинадан воз кечган ота

Фарзандлари ўқиши учун машинадан воз кечган ота

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистонда ҳозир камбағалликдан чиқариш бўйича ишлар жуда оммалашган — иссиқхона, балиқчилик, ҳунармандлик. Буларнинг барчаси жуда яхши албатта. Аммо бошқа бир қатор имкониятлар ҳам борки, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев шу ҳақда гапирди.

— Камбағалликдан чиқариш учун ер ажратиш ва иссиқхона қуриб бериш керак, аммо бу ишлар аввал ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Аммо ёш йигит-қизларимизнинг ўқишга салгина уқуви бўлса, нима учун ривожлантирмаслигимиз керак? Айтайлик, унга таълим берсак, IT соҳасида бирор иш қила олади. Шундай экан, нимага уни ўқитиб, компьютер олиб бериш орқали камбағалликдан чиқара олмаймиз? — деди Алишер Саъдуллаев.

Дарҳақиқат, Шавкат Мирзиёев президент бўлибди ҳамки, IT-парк ва марказ қурилмаган вилоят тугул, туман ҳам қолмаяпти. Мана шундай имкониятдан кенг қамровда, батамом фойдаланиляптими? Шу саволни ўзимизга бериб туришимиз керакка ўхшайди...

Қарши шаҳрида янги қурилган Ёшлар марказида айнан шу соҳага катта эътибор қаратилмоқда. Интернет технологиялари соҳасида катта иқтидорга эга бўлган, фрилансерлик қилиб хориж компанияларида яхшигина пул топаётган ёшларга марказдан жой ажратилди. Улар эса ўз навбатида тенгқурларига иш ўргатади.

— Биз ўша ёш иқтидорларни тарғиб қилиб, қаҳрамонга айлантирмоқчимиз. Бундай қаҳрамонлар бизга жуда керак. Пул топишни биладиган одамни ҳамма ҳурмат қилади. Унга қулоқ солади. Биз мана шу фактордан фойдаланишимиз керак, — дейди Алишер Саъдуллаев.

Албатта бу ўринда яна бир савол пайдо бўлиши аниқ — ўша ёш иқтидор шусиз ҳам интернетда катта пул топаётган бўлса, нима учун бошини оғритиб, бошқаларга иш ўргатиши керак?

— Тўғри, ҳамма нарса ўзаро манфаат асосига қурилиши керак. Ёшлар марказида иш бошлайдиган иқтидорларда эса камида учта манфаат бўлади, — дейди Саъдуллаев.

Демак, улар нимадан иборат:

1. Бепул офис.
2. Ўз маҳсулотини реклама қиладиган платформа.
3. Ўқув курсида таълим олган ёшлар орасидан энг иқтидорлиларини ажратиб олиб, ўз жамоасини тузиш имкони.

IT соҳасида имкониятлар бемисл. Катта маош эвазига хориж компанияларига ишлаш яхши. Аммо ўз жамоангни ташкил этиш имкони мавжуд экан, нима учун фойдаланмаслик керак, тўғрими?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги Ёшлар марказига қилган ташрифи вақтида бир қатор иқтидорли ёшлар билан учрашди. Ирода Абдураҳмонова мана шундай ёшлардан бири. Тадбиркор қиз 100 миллион сўм кредит олди ва пазандалик, рассомлик, компьютер курслари ташкил этди. Эътиборли томони, Ирода ёшлар учун катта кутубхона ва китоб дўкони ҳам очган.

— Тадбиркорликнинг моддий томонини ўйлаган яхши, аммо маънавий қизиқишни ҳам эсдан чиқариб қўймаслик керак. Ўзим китоб ўқишга қизиқаман. Шунинг учун кутубхона ва дўкон ҳам очдик. Китобларни тўғридан-тўғри нашриётдан олганимиз сабабли нархлар анча арзон. Қолаверса, худди ўша китобни сотиб олмасдан, кутубхонада ўқиб олиш ҳам мумкин, — дейди Ирода Абдураҳмонова.

Маънавият яхши албатта, аммо бу ёқда 100 миллион сўмлик кредит қистаб турганда, моддиятни ҳам унутмаслик лозим. Ёш тадбиркор қиз бу саволга шундай жавоб берди:

— Менга ҳар доим ота-онам ёрдам берган. Улар учун бизнинг таълим олишимиз ҳар доим муҳим. Масалан, дадамнинг даромади ёмон эмас, хоҳлаган вақтда ўзига машина сотиб олса бўларди. Аммо бор пулини фарзандларининг ўқишига сарфлаган. Кутубхона ғоясини айтганимда ҳам ота-онам қўллаб-қувватлади. «Сен олган кредитни ёпишга бизнинг маошимиз ҳам етади. Шу ишни бошламоқчи экансан, фақат олдинга юр», — дейишди. Насиб қилса, кредитни ўзим узаман. Беш йилгача тадбиркорлигим яна-да ривожланиб кетишига ишонаман...

Европада шундай гап бор: энг яхши сармоя — фарзандларнинг ўқиши учун сарфланган. Қани эди бизда ҳам шундай сармоя оммалашса...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг