Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Лазиз Раҳматов

Эл озодлиги буюк неъмат, шахс озодлиги эса ундан-да улуғроқ!

Катта эмас, аммо мураккаб муаммо. 28 ёшга тўлди, лекин паспорти йўқ...

Катта эмас, аммо мураккаб муаммо. 28 ёшга тўлди, лекин паспорти йўқ...

Фото: «Xabar.uz»

Республика ишчи гуруҳи Бўз ва Улуғнор туманида ўта чигал бир вазиятнинг устидан чиқди. Муаммо у қадар катта эмас, аммо ўта мураккаб...

Улуғнор тумани «Бобур» МФЙ раиси Гулнорахон Ўсарованинг айтишича, 2017 йилда уйма-уй юриши натижасида Пиллакашлик кўчаси 1-уйда яшовчи Мадаминжон Мустафоевнинг уйига ижтимоий муҳит ва томорқадан қандай фойдаланилаётганини билиш учун киради. Бу ерда бир нотаниш қизни кўриб қолади ва ундан кимлигини сўрайди. Ўзини Малика Акимжоновна Рўзиева деб таништирган қиз бу оилада бир йилдан буён яшаётганини айтиб қолади.

Фото: «Xabar.uz»

— Мен Намангандан келдим. Бир ойдан буён шу ерда яшаяпман деган қизнинг юзида қўрқув ва ҳадик зоҳир эди, — дейди маҳалла раиси. — Паспортини сўраганимда ҳеч қандай ҳужжати йўқлигини билдирди. Ота-онаси ҳақида қизиққанимда эса Наманганга Қозоғистондан бир ўзбекистонлик йигит олиб қочиб келганини айтди. Улуғнорда ишлашга келган чоғида Мадамин аканинг ўғли уни кўриб қолган ва ёрдамга муҳтож қизни уйига олиб келган экан. Мен албатта шубҳаланиб, шахсини аниқлаш мақсадида профиклактика инспекторига маълум қилдим.

Маҳалла раисининг қўшимча қилишича, Мадаминжон ака оиласи Улуғнордаги ҳовлисига асосан қиш пайтлари кўчиб келади. Баҳордан кузгача эса дала ишлари билан шуғулланиш мақсадида Бўз тумани Сариқжўга маҳалласи Остона кўчасида яшашади.

«Шаҳриобод» ва «Бобур» маҳалла фуқаролар йиғинларига хизмат қилувчи профилактика инспектори, капитан Ҳаётулло Усмонов билан мулоқот чоғида у бу ерга ишга ўтганига энди бир ой бўлганини айтди. Қозоғистон фуқароси бўлган, ҳозир Ўзбекистонда яшаб келаётган Малика Рўзиева шахсини аниқлаш ва у билан боғлиқ тезкор маълумотларни олиш борасида профилактик чора-тадбирлар ўтказилган.

— Қизнинг шахсига аниқлик киритиш, илгари жиноят содир этган ёки этмаганини ойдинлаштириш мақсадида тезкор қидирув ишлари олиб борилган, — дейди капитан мазкур вазиятга аниқлик киритиб. – Ушбу шахс бирор-бир фаолияти билан шуғулланмаган, ижтимоий хавфи йўқ. Ўзи билан бевосита суҳбатлашганимизда ушбу оилада қолиш ва Ўзбекистон фуқаролигини олишни исташини айтди. Туман паспорт бўлими бу борада ишламоқда.

Фото: «Xabar.uz»

Қизни излаб Бўз тумани Сариқжўга маҳалласи Остона кўчасига бордик. Бизни уй эгаси Мадаминжон ака қарши олди.

— Малика 28 ёшга тўлаяпти. Қозоғистондан келиб қолгач, Наманган вилоятидаги иккита оилада жами 8 йил яшаган, — дейди отахон унинг ҳолига куюниб. — 2015 йил август ойида менинг уйимга келиб қолди. Бечоранинг бу дунёда бир тирговичи йўқ. Қийналиб, сарсон-саргардон юрганида ҳеч бир хонадон қабул қилмаган. Ҳеч қандай ҳужжати йўқ. Борадиган жойи бўлмагач, қиш пайтлари кўчаларда, ошхона қоровулхоналарида, хуллас, қаер тўғри келса яшаб юрган экан. Мен ёрдам бермасам, у ёрдам бермаса, ахир бу ожиз қизга ким кўмак беради? Ёлғиз боши билан қаерга боради? Асраб олдим ниҳоят. Ўзимнинг 3 ўғлим, 2 қизим бор. Аммо ўтган давр мобайнида менга қиздай бўлиб қолди, бирор-бир ножўя ҳаракатини сезмадим. 2017 йил 13 апрел куни аввалги профилактика нозири Дониёр Зуҳриддинов билан учрашиб, унга қизнинг ҳужжатларини тайёрлаш борасида ёрдам беришини сўрадим. Андижон шаҳрига олиб кетишиб, бир ой давомида аниқ яшаш ва ишлаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация этиш марказида ётди. Ўзим бориб олиб келдим. Қиз ўзингизда тураверсин, сўров юборганмиз, ҳужжат келса, аниқлаштириб сизга айтамиз дейишди. Ҳалигача бир тайинли гап айтишмади. Сўровга бир йилдан буён жавоб келмаса... Тошкентдан келган ишчи гуруҳ хонадонимга киргач, барча ҳолатларни ўрганди, ички ишлар вакилларига топшириқлар беришди. Шундан кейин мени ички ишлар бўлимига чақиришди. Ҳужжатларини тезда расмийлаштириб берамиз дейишаяпти. Билмадим, яна қанча чўзилади? Мақсадим эзгулик — шу қизнинг ҳақиқий ҳужжатини олиб бериш, тенги чиқса узатиш. Ҳозир сонда бору ҳисобда йўқ. Ахир у ҳам кўча-кўйда эркин ҳаракатланишни, меҳнат қилишни, бахтли бўлишни истайди. Бизнинг миллат катта уруш вақтларида ҳам минг-минглаб бошқа миллат вакилларига ёрдам қўлини чўзган. Энди бир қизга келганда лоқайдлик қилсак ҳеч бир инсонийликка тўғри келмаса кераг-ов.

— Ёшлигимда Қозоғистондан Ўзбекистонга келиб қолганман, — дея саволимизга аниқлик киритиш учун жавоб беради уялчанг ва дардли Малика Рўзиева. – 13 ёшларимда бир наманганлик йигит мени оиламдан олиб қочиб кетди. Кейин Наманган шаҳридаги бозор четига ташлаб кетди. Олтинчи синфгача ўқиганман. Шу билан у йигитни топа олмадим. Юравериб-юравериб, Улуғнорга, ушбу оилага келиб қолдим. Бу хонадондан меҳр ва оқибат, ҳеч кимда кўрмаган ҳимматни топдим. Менинг ҳам одамларга, жамиятга қўшилгим келади. Кўчага ҳамроҳсиз чиқишга, бировга бир гап айтишга жуда қўрқиб қолганман. Яна йўқолиб қолишдан, ёмонлар қўлида қолишдан чўчийман.

– Ота-онангизни соғинмадингизми? Уларнинг ёнига қайтишни истамайсизми?

– Хоҳлайман. Аммо уларни қаердан ҳам топаман? Телефонлари ҳам йўқ. Ички ишларга айтган эдик, ёрдам қиламиз дейишди. Кутиб ўтирибмиз, – дейди қизнинг кўзи ёшланиб.

– Қозоғистоннинг қаерида туғилганингизни эслай оласизми?

– Олмаота вилояти Комхоз қишлоғи Қуёшли кўчаси 24-уйда яшаганмиз. Отам Рўзиев Акимжон. Онам Рўзиева Иззатбуви. Опам Зарина Рўзиева турмушга чиққан эди. Яна бир опам Хичама Рўзиева. Уларнинг тақдири менга номаълум. Лекин барчасини жуда соғинганман. Агар юртимга қайтиб борсаму яқинларимни у ердан топа олмасам-чи? Кейин қаерга бораман? Ўзбекистонда менга нон-туз берган оиламни ҳам йўқотишни сира истамайман. Илтимос, менга паспорт олиб берингизлар, акажонлар.  

Маликанинг кўзларидан ёш тинимсиз оққанига тоқат қилиб бўлмасди. Туманда паспорт тизими билан боғлиқ масалалар бўйича кўплаб муаммолар аниқланди. Йигирма биринчи асрда инсон 28 ёшга тўлса-да, шахсини тасдиқловчи бир ҳужжатга эга бўлмаса? Бир оила васийликка олиб, ўз фарзанди каби қабул қилиб, унинг истиқболи учун қайғурса-ю, нега мутасадди идоралар бунга ҳалигача жиддий эътибор қаратмаяпти? Олмаота дунёнинг нариги чеккаси эмаски, унинг яқинларини бир йилдан буён аниқлаштиришнинг имкони бўлмаса? Унинг Қозоғистонда ҳам ота-онаси бўлса, йўқолган қизини интизорлик билан кутишаётгандир ахир.

Бу масалага яна қайтамиз.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг