Хориждаги ўзбекистонликлар учун консуллик хизматлари мобил иловаси ишга туширилди
Хорижда яшовчи ёки чет элга саёҳат қилишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари учун консуллик масалаларини тезкор ва масофадан туриб ҳал этиш, барча зарур маълумотларни бевосита техник қурилма орқали тақдим этишга мўлжалланган расмий мобил илова ишга туширилди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар бермоқда.
Ушбу иловада Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг ягона маълумотлар базаси шакллантирилган. Фойдаланувчилар элчихоналар ва консулликларнинг манзиллари, алоқа маълумотлари ва жойлашуви тўғрисидаги долзарб маълумотларни олиши, шунингдек, турган мамлакат ёки минтақа тегишли бўлган консуллик округини аниқлаши мумкин.
Дастлабки босқичда илова орқали Ўзбекистонга қайтиш учун сертификатни расмийлаштириш ҳамда вақтинчалик ёки доимий консуллик рўйхатидан ўтиш каби хизматлар кўрсатилади. Келгусида электрон хизматлар рўйхатини кенгайтириб бориш режалаштирилган.
Платформада анкета ва аризаларни автоматик тўлдириш тизими мавжуд. Замонавий рақамли ечимларнинг жорий этилиши туфайли мажбурий майдонларнинг қарийб 80 фоизи автоматик тарзда тўлдирилади. Бу ҳужжатларни расмийлаштириш вақтини сезиларли даражада қисқартиради ва мурожаат юбориш жараёнини осонлаштиради.
Бундан ташқари, мобил иловада Ўзбекистон фуқаролари учун хорижий давлатларнинг виза талабларига бағишланган ахборот бўлими ҳам мавжуд. Айни пайтда ушбу хизмат синов режимида ишламоқда маълумотлар билан тўлдириб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter