Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди

Мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди

Фото: «Спутник»

10 май куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар берди.

Қарор Ўзбекистонда инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришга доир аниқ ҳамда амалий чора-тадбирлар амалга оширилишига қаратилган. Унга кўра:

Биринчидан, Ўзбекистон Конституциясида ва бошқа қонун ҳужжатларида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлангани, ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланиш, бирон-бир жазо қўлланиши билан қўрқитган ҳолда ишларни бажаришга мажбурлашни тақиқловчи нормалар мустаҳкамланганини эътиборга олиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, барча даражалардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига қуйидагилар белгилаб берилди:

— фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва бунга чек қўйиш;

— фуқароларни, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, талабалар ва таълим муассасалари ўқувчиларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланилиши;

— автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Бош прокуратурасига:

фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтириш, бу борадаги текширувлар самарадорлигини ошириш ва мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланганда эса айбдор шахсларга нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини қўллаш топширилди.

Учинчидан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига:

а) ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, бирон-бир шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги нормалари амалга оширилишини назорат қилиш чораларини кучайтириш;

б) Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳкон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда:

давлат органлари, шу жумладан, маҳаллий давлат органларининг, айниқса, қишлоқ хўжалиги ишлари қизғин даврда ходимларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига риоя этилиши бўйича фаолияти юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш;

— ўтказилган мониторинг якунлари бўйича фуқаролик жамияти институтларини жалб этган ҳолда, хусусан, ҳудудларда оммавий эшитувлар ташкил этилишини таъминлаш, бунда мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг ҳар бир ҳолати, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида муҳокама қилиниши белгиланди.

Тўртинчидан, Касаба уюшмалари федерацияси кенгашига:

— жамоа шартномаси ва меҳнат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, хусусан, мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш борасида ташкилотлардаги касаба уюшмалари бошланғич бўғинларининг жавобгарлик чораларини кучайтириш;

— мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланган тақдирда улар тўғрисида прокуратура органларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига зудлик билан маълум қилиш;

— бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликда ушбу соҳадаги жамоатчилик назоратини фаоллаштириш.

Бешинчидан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда:

— фуқароларни мажбурий жамоат ишларига ноқонуний жалб қилиш ёки ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланишда айбдор бўлган мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш;

— Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ваколатларини кенгайтириш, шу жумладан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан меҳнат қонунчилигига риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтиришга доир ваколатларини кенгайтириш вазифалари топширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг