Энди ОАВнинг мансабдор шахсдан интервью олиш ҳақидаги сўрови 7 кун ичида кўриб чиқилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган «Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасининг асосий қисмларини солиштиришда давом этамиз.
Аввалги қонуннинг 35-моддаси: «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситалари шу органларнинг расмий хабарлари ва материалларини, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини эълон қилиши шарт.
Фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги шошилинч хабарлар ёки ваколатли давлат органлари томонидан жамоатчиликка тезкорлик билан етказиш мақсадида берилган хабарлар барча оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Суднинг айнан шу оммавий ахборот воситасида эълон қилиш тўғрисидаги кўрсатмаси бўлган, қонуний кучга кирган қарорини таҳририят суд қарорида кўрсатилган муддатда бепул эълон қилиши шарт.
Ушбу модданинг биринчи-учинчи қисмларида назарда тутилганидан бошқа ҳар қандай ахборот, хабар ва эълон таҳририят билан тузиладиган шартнома асосида эълон қилинади».
Ушбу қонунинг янги таҳририда 351-банд билан алоҳида қўшимча киритилиши режалаштирилмоқда: «Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш, шу жумладан, мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкиллаш бўйича сўрови етти кундан кўп бўлмаган муддат ичида кўриб чиқилади.
Агар оммавий ахборот воситаларининг сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти ва бошқарув органи ваколатларига тааллуқли бўлмаса, сўров рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан уч иш куни давомида ваколатлари сўралаётган ахборотга тегишли бўлган органга юборилади, оммавий ахборот воситалари эса бу хақида хабардор қилинади.
Оммавий ахборот воситасининг сўровини рад этиш ҳоллари бўлган тақдирда, асослантирилган жавоб юборилади».
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун ҳали лойиҳа бўлиб, у тасдиқланиши ёки рад этилиши мумкин. Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter