Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Марғилондаги меҳрибонлик уйи ходимларига чиқарилган «ўта юмшоқ ҳукм» жамоатчилик ғазабини келтирди

Марғилондаги меҳрибонлик уйи ходимларига чиқарилган «ўта юмшоқ ҳукм» жамоатчилик ғазабини келтирди

Фото: «ЎзА»

Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти Бош прокуратурани Марғилондаги меҳрибонлик уйи ходимларига чиқарилган «ўта юмшоқ ҳукм»ни бекор қилиш ва мамлакатдаги барча меҳрибонлик уйларини текширишга чақирди, деб хабар бермоқда «Газета.uz».

Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти Ўзбекистон бош прокурори Отабек Муродовга Марғилондаги меҳрибонлик уйининг болаларга нисбатан зўравонлик ишлатган ходимларига чиқарилган суд ҳукмини бекор қилиш ташаббуси билан чиқишни илтимос қилди. Мурожаат институт директори, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Маслаҳат кенгаши аъзоси Сайёра Ходжаева томонидан «Facebook» ижтимоий тармоғида эълон қилинди.

«Фарғона вилоят судининг тарбиячилар устидан зўравонлик қилиш ва пул ўғирлашда айбдор деб топилган Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи директори ва ходимларига нисбатан ўта юмшоқ ҳукм чиқаргани ҳолати бўйича Сизга мурожаат йўлламоқдамиз. Болалар уйи раҳбарияти ва ходимлари давлат ва халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган пулларни ўмариш, шунингдек тарбиячиларга нисбатан жинсий ва жисмоний зўравонлик ишлатганликда айбланган», — дейилади хатда.

Институт Ўзбекистон собиқ Иттифоқ мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб БМТнинг «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциясини ратификация қилгани ва 2008 йилда «Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги қонунни имзолаганини эслатиб ўтди. «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддасида давлат боланинг шахси, турар жойи дахлсизлигини, хат-хабарлари сир тутилишини таъминлайди ҳамда болани эксплуатациянинг барча шаклларидан, шу жумладан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноққа солишлардан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан, шаҳвоний шилқимликлардан, жиноий фаолиятга, фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этилишдан ҳимоя қилишни амалга оширади, дейилади.

Худди шу қонуннинг 11-моддасида эса ҳар бир болага унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади, дейилади.

«Марғилон шаҳрида содир бўлган ҳолат мазкур Меҳрибонлик уйи раҳбарияти фаолияти устидан назоратни амалга оширишга мажбур ҳисобланган васийлик ва ҳомийлик органлари, халқ таълими органлари ва бошқа назорат қилувчи органларнинг тўлиқ ҳаракатсиз бўлганидан гувоҳлик беради», — дея таъкидланади мурожаатда.

Сайёра Ходжаева суд томонидан жиноятчиларга чиқарилган жазо чоралари жамоатчилик томонидан салбий қабул қилинганини таъкидлаб ўтди. «Фуқаролар нафақат мансаб жиноятлари, балки мазкур Меҳрибонлик уйи ходимларининг ҳайвоний инстинктлари исканжасида қолган ҳимоясиз болалар устидан таҳқирлашга нисбатан юмшоқ ҳукм чиқарилганидан ғазабга келмоқда».

Бундан ташқари, «Фарғона вилоят суди мазкур Меҳрибонлик уйини назорат қилувчи юқори васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек халқ таълими органлари ҳаракатсизлигига ҳам баҳо бериши, Халқ таълими вазирлигига шу каби болалар муассасаларида бу каби номаъқулчиликларнинг такрорланмаслиги учун ҳодисага алоқадор жавобгар шахсларни интизомий чораларга тортиш тўғрисида тақдимнома киритиш тўғрисида ҳукм чиқариши лозим эди», — дейилади хатда.

Эслатиб ўтамиз, болалар хўрланиб, қизлар зўрлангани айтилган Марғилондаги меҳрибонлик уйи директори Камол Якубов ва унинг ўринбосари Собиржон Усмонов 4 йилга қамалди. Фельдшер Ихтиёр Йўлдошев 3 йилу 6 ойга, тарбиячи Равшан Абдуфаттоев 3 йилга озодликдан маҳрум этилди. Тарбиячилар Хуршида Якубова, Наргиза Солиева ҳамда энагалар Ханифа Тўраева, Дилдора Жўрабоеваларга нисбатан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг