Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

МИБ Пастдарғомдаги ўзбошимчаликлар бўйича баёнот берди

МИБ Пастдарғомдаги ўзбошимчаликлар бўйича баёнот берди

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Кеча қатор ижтимоий сайт ва тармоқларда Пастдарғом туманидаги ўзбошимчаликлар ҳақида бонг урилганди. Яъниким, туман ҳудудидаги бетон заводида электр-энергиядан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатини аниқлаган Мажбурий ижро бюроси ходимлари фаолиятига фаол қаршилик қилиниши, бунда завод иш юритувчисидан то туман ҳокими ёрдамчисигача «алоҳида ўрнак» бўлгани кенг муҳокама қилинмоқда.

Воқеликдан келиб чиқиб, «Xabar.uz» Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан боғланди. Бюро марказий аппарати матбуот хизмати бошлиғи Фаррух Тошпўлатов вазиятга қуйидагича ойдинлик киритди:

— Аниқланишича, жорий йилнинг 4 декабрь куни Пастдарғом тумани «Қатортерак» маҳалласидаги намунали уйлар ортида жойлашган «Пастдарғом туман обондонлаштириш» дирекциясига қарашли цемент маҳсулотларини қайта ишлаш заводи кўрикдан ўтказилганда, шу кунга қадар ҳеч қандай ҳужжатлар расмийлаштирилмаган ҳолда электр энергиясидан (электр ҳисоблагичсиз) тўғридан-тўғри фойдаланиб келган.

Ушбу ҳолат юзасидан, Мажбурий ижро бюроси Пастдарғом туман бўлими ходимлари томонидан «Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бузилганлиги» ҳақида (MIB NV EH-007509) далолатнома ҳамда «Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги» (MIB SA-0010426) баённома расмийлаштирилган.

Расмийлаштирилган ҳужжатларга завод ходимлари қўл қўйишдан бош тортганлиги сабаб шу маҳаллада яшовчи фуқаролар З.Султонова ва Н.Жўрақуловалар иштирокида яна бир далолатнома тузилган.

Шунингдек, заводга тегишли трансформатордаги автоматдан муҳрлаш йўли билан электр энергияси тармоғидан узиш жараёнида туман ҳокимининг ёрдамчиси А.Мардиев ва фуқаро Р.Аннабозоровлар томонидан қаршилик кўрсатилганлиги рост.

Шундан сўнг, фуқаро Р.Аннабозоров туман ҳокимининг ёрдамчиси А.Мардиевнинг оғзаки топшириғига асосан МИБ туман бўлими ходимлари томонидан тамғаланган муҳрларни қасддан бузиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишини давом эттираверади.

Бу орада ходимларимиз томонидан заводни таянч изолятор нуқтасидан узиш мақсадида туман электр тармоқлари корхонасининг навбатчилик қисмига мурожаат қилинган.

Мурожаатга асосан, туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Х.Ҳаитов ҳамда ходимлари воқеа жойига етиб келган. Бироқ завод электр энергиясидан ноқонуний фойдаланаётганлигини ҳақида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган бўлсада, турли хил баҳоналарни рўкач қилиб, заводни электр тармоғидан узмайди.

Қонун талабларига кўра, завод аввало, «Ўздавэнергоназорат» инспекциясидан ҳаво линияси ва ўрнатилган трансформатор пункти учун «Хизмат лойиҳа»сига эга бўлиши, 20 кВт.ли кучланишдан юқори бўлган объектлар учун шарт бўлган электр тармоқлари корхонасидан истеъмолчи сифатида рўйхатдан ўтиши лозим.

Бироқ, жорий йилнинг 5 декабрь куни туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Х.Ҳаитов ушбу Йўриқномага амал қилмасдан, Бюронинг Пастдарғом туман бўлими ходимларининг иштирокисиз, ҳеч қандай ҳужжатларсиз янги электрон ҳисоблаш тизимидаги (АСКУЭ) электр ҳисоблагич ускунасини ўрнатиб кетади.

Туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари Х.Ҳаитовнинг ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлиги юзасидан вилоят электр тармоқлари корхонасига тақдимнома киритилди.

Бундан ташқари, «Пастдарғом туман Ободонлаштириш» дирекциясига қарашли цемент маҳсулотларини қайта ишлаш заводи ходими Р.Аннабозоров ва туман ҳокими ёрдамчиси вазифасида ишлаб келаётган А.Мардиевнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳолат туман прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.

Айни пайтда завод томонидан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиши бўйича етказилган зарар миқдорига аниқлик киритилмоқда. Шундан келиб чиқиб, айбдорларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилади.

...«Xabar.uz» воқеалар ривожини кузатиб боради. Зеро, электр таъминотидаги узилишлардан оддий халқ жабр тортиб турган бугунги кунда, кимларнингдир «паноҳи»да бўлган заводлардаги бундай ўзбошимчаликларни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг