Кичик ҳикоялар: Ота юпанчи, онаизор
Ҳали ҳаммаси яхши бўлади
Отам бир гапни кўп такрорларди: “Ҳали ҳаммаси яхши бўлади!” Бугун у оғир юрак хуружини бошидан ўтказди. Ҳозир шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишга уринишяпти. Аммо унинг ўзи айтганидек, ҳаммаси яхши бўлармикан? Ахир, отам бир умр ҳалол меҳнат қилиб келди, бизни тарбиялади, ўқитди, ҳеч кимдан кам қилмай ўстирди. Энди роҳат кўраман деганда эса...
Касалхона ҳовлисидаги кекса теракка суянганимча Яратгандан дадамга умр сўрайман. Эсламасликка уринсам ҳам бўлиб ўтган воқеалар кўз ўнгимдан ўтиб, кўнглим безовталанади. Хаёлимда бир савол чарх уради: отамнинг юрагини нима шикастлади?!
Бунинг сабаблари шу қадар кўпки, ҳар бирини санашнинг имкони йўқ. Аммо мен шуни аниқ биламан: отамнинг шу аҳволга тушишига биз — икки қиз айбдормиз.
Тўғриси, дадам сира дардга чалинмайди, табиатан забардаст яралгани боис бизларни бир умр ҳимоя қилишга қодир, онам каби салга кўз ёши тўкавермайди, ҳиссиётга берилмасдан ақл билан иш тутади, деб ўйлардим. Аммо хом хаёлга ишонган эканман. Аслида оталар ҳам йиғлашар экан. Фақат уларнинг кўзлари эмас, юраги йиғларкан... Ана шунинг учун отамизнинг ғуссага ботганини доим ҳам билавермас эканмиз. Тўғри, улар суянган тоғимиз, ҳаётимизнинг устунлари. Бироқ фарзандининг кўз ёшини кўрса, қийналаётганини ҳис этса, шу метиндек тоғлар, шу мустаҳкам устунлар ҳам беихтиёр чўкар экан. Айниқса, қиз ўстирдим, “она қизим — ору номусим” деб ғурурланган отанинг бутун орзулари армонга айланса, бундан оғир алам бўладими? “Қоғозга ўроғлиқ қанддек авайлаб эгасига топширдим”, деб суюниб юрсаю, бирин-кетин икки қизи ҳам кўзида ёш билан остонасига қайтиб келса, қай отанинг юраги бир маромда уриб туради?!
Шуларни олдинроқ ўйлаганимда мен ҳам арзимаган жанжаллар туфайли уйга қайтиб келавермаган, норасида болаларимни сарсон қилмаган, турмуш ўртоғим билан яраштирмоқчи бўлган отамга: “Уйингизга сиғмаяпманми?!”, деб қўрслик қилмаган бўлардим. Эҳтимол, ўшанда қайтиб келганимдан уч кун ўтиб, бу ҳол юз бермасмиди...
Дадамнинг касалланишида опамнинг ҳам яхшигина “улуши” бор. Унинг оиласини ҳам тўкис деб бўлмайди. Эри олис юртга ишлаш учун кетдию қайтмади. Дом-дараги йўқ. Бир-икки йил олдин қишлоқда гап тарқалди, куёв ўша ёқда уйланиб олганмиш. Буни эшитган опам, албатта, уйга — отамнинг ҳузурига келиб тўртта бола билан энди қандай яшашини айтиб бўзлади. Ҳафта ўтиб-ўтмай отам йўлга отланди. Ўн кунлардан сўнг сафардан ёлғиз қайтди. Лом-мим демаса ҳам, ҳорғин юзлари, киртайиб қолган кўзларидан қаттиқ хафалиги аён. У ёқда куёви билан учрашдими, йўқми, бу ҳақда бизга бир гап айтмади, аммо кела солиб уй-жой машмашасида қайин-бўйинлари билан чиқишолмай юрган опамни, жиянларимни кўчириб келди. Демак, куёвдан энди умид йўқ. Онам табиийки отамни саволларга кўмиб ташлади, бебурд куёвдан ёзғирди. Отамнинг эса жавоби шу бўлди — “Ҳаммаси яхши бўлади!”
Аниқроғи, биз опа-сингилларнинг кемтик оиламиз, олти нафар фарзанднинг тирик етимга айлангани отамга кучли руҳий зарба бўлди...
Таниш шифокор чиқиб, мени чақиргач, хаёлларим бўлинди. Ишқилиб яхши хабар айтсин-да, деган илинжда унга ҳадик билан яқинлашдим.
— Отангиз ўзига келди, аҳволи яхши, киришингиз мумкин.
Бўғзимга тиқилган алам кўзларимдан ёш бўлиб сизиди. Отамнинг ҳаётга қайтганидан бениҳоя хурсанд бўлсам-да, айбдорлик ҳисси ҳамон мени эзар, унинг кўзларига боқишга журъатим етмасди. Қайсарлигим, бўлар-бўлмас жанжалларим билан уни қаттиқ изтиробга солаётганимни билмабман. Фақат шуни биламанки, энди ҳаммаси бошқача бўлади. Ана ўшанда отам менинг бахтимдан қувонади, юраги таскин топиб, узоқ яшайди. Бу менинг қўлимдан келади.
— Ҳали ҳаммаси яхши бўлади! — дедим отамнинг осма укол уланган қўлларидан тутганча. Аслида ундан кечирим сўрамоқчи, калта ўйлаганимдан пушаймонлигимни, ҳозирги қатъий қароримни, оиламга қайтаётганимни айтмоқчи эдим... Хоҳишимга қарши беихтиёр шу сўзлар тилимга келди. Отам эса ҳаммасини уққандек, майин жилмайиб, кўзларини ҳорғин юмди.
Она
Янги йил арафаси. Йил якуни бўлгани учун унинг ишлари кўпайган. Тушлик пайтидан фойдаланиб, онасини бирров кўргани борди. Қор учқунлар, онаси тандирхонадаги ўчоқ бошида куймаланарди. Ортидан оҳиста қучоқлаган қизини кўриб онанинг кўзларида севинч учқунлади.
— Ахир, оёқларингиз оғрийди-ку? Совуқда нималар қиляпсиз?
— Сариёғли қатлама қиляпман. Келишингни кўнглим сезган экан, қизим...
Қизи онасини маҳкамроқ қучоқлади. “Меҳрибоним! Қирққа чиқсам ҳам мени қайғурасиз-а!”. Она қизини ичкарига ундаб ўзи чой қўйди. Қип-қизариб пишган қатламалардан лаганга териб олиб чиқди. Бир пиёла чой устида у ёқ-бу ёқдан гаплагунча тушлик вақти ўтиб, қизи туришга чоғланди.
— Айтганча, ўтган куни қишлоқдан меҳмонлар келишди. Тоғанг улардан анор бериб юборибди. Сенинг тегишингни олиб қўйгандим. Ишхонангда еб оларсан.
“Эҳ, онам-а! Ўзингиз еявермайсизми? Бозор тўла анор бўлса... Нега нуқул менга илингани-илинган...” Қиз онасига меҳр билан термулар, она эса тўртта анор ва сариёғли қатламалардан сумкага жойларди.
Ўша куни қизи ишхонада алламаҳалгача қолиб кетди, қорни очди. Сумкадаги қатлама иштаҳасини қитиқлар, аммо негадир унга қўл теккизмасди.
“Болаларимга олиб бораман! Бувисининг қатламаларини улар ҳам яхши кўришади”, деган ният унинг иштаҳасига қулф солган эди гўё...
ГулҲАЁТ


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter