Мудофаа вазирлиги вакиллари Сариосиё воқеаларида ҳалок бўлган ҳарбий хонадонига боришди
Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ишлари бўйича марказий кенгашининг бир гуруҳ аъзолари шу ҳафтада Шарқий ҳарбий окрукка сафар уюштирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Ташрифнинг биринчи куни Фарғона шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларда учрашувлар ўтказилди. Округлардаги Фахрийлар ишлари бўйича кенгаш аъзолари билан фикр ва тажриба алмашилди. Унда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди. Пойтахтдан йўл олган фахрийлар томонидан Тошкент ҳарбий округи тажрибаси намуна сифатида кўрсатилди.
Сафар давомида фахрийлар 2000 йили Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида юртимиз ҳудудига бостириб кирган душманга қарши жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлган лейтенант Бобуржон Ғаниев хонадонига бориб, оила аъзоларидан кўнгил сўралди.
Бобуржоннинг онаси Мунаввархон аяга юрт корига ярайдиган, фидойи, мард, жасур фарзандни дунёга келтиргани, тўғри тарбия бера олгани ва она Ватан чорлаганда «лаббай» деб қаҳрамонлик кўрсатгани учун ташаккур билдирилди.Меҳмонлар Бобуржон Ғаниев уй-музейига қаҳрамоннинг портретини тақдим этишди. Шунингдек, «ҳарбий устозлар» Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Мамадали Топиболдиевнинг уй-музейига ҳам ташриф буюриб, ўқувчи-ёшлар билан мулоқот қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter