Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Сатторов

Ким нени изласа, топгай бегумон...

Муваффақият қозониш нимани англатади?

Муваффақият қозониш нимани англатади?

Фото: «Vk.com»

Кимдир бу дунёга ўзгариш учун келади. Кимдир ҳаёти чоғида дунёни  ўзгартиради. Кимдир эса, ҳар куни ўзгаради.

Бизнинг кундалик саъй-ҳаракатларимиз, мақсадимиз бахтиёр яшашни кўзлайди. Бахтиёрлик — меҳнат туфайли рўй берадиган ҳодиса. Одамларнинг айтишича, пул — бахтнинг калити эмас. Лекин агар пулингиз бўлса, сиз мана шу бахт калитини ясаб олишингиз мумкин. Аслида мол-дунёга эгалик қилиш бахт дегани эмас. Бахтиёрлик — бу яратувчанлик ҳиссидан лаззатланишдир. Муваффақият эса, мана шуни ҳис қилиш. Ҳадеб бахт излаганинг билан бахтиёр бўлиб қолмайсан. Ҳаётдан фақатгина маъно изласанг, яшай олмайсан.


Муваффақият бу — ерга урилгач, иложи борича баландроққа сакраш дегани.

Жорж Паттон


Бир қараганда ҳаётда муваффақият қозониш, ғолиб бўлиш оддий ҳодисага ўхшаб кўринади. Шунчаки шуурингдаги «ғолиб бўлиш тугмаси»ни босасан ва довюраклик билан олға бораверсан. Албатта, ғолиб бўлиш доимо ҳузурбахш. Бироқ, ғолиблик бу — мақсаднинг моҳияти эмас. Мақсаднинг моҳияти — бу ғолиб бўлиш учун ичимизда уйғонган истак, орқага чекинмаслик руҳидир.

Ҳар ким муваффақият омилини ўзича тасаввур қилади. Ким учун муваффақиятнинг ягона сири одамларнинг кўнглига йўл топиш бўлса, бошқалар учун эрта уйғониш, қаттиқ меҳнат қилиш — бу муваффақиятнинг таркиби.

Муваффақиятли инсонлар муваффақиятларининг муҳим омили сифатида уларнинг ҳаётларида муҳим ўрин эгаллаган инсонларни айтишади. Хусусан, XX асрнинг атоқли сиёсатдонларидан бири бўлган Ҳаролд Макмилланнинг фикрича, бирор бир эркак аёлнинг эътиборисиз муваффақият қозона олмайди. Бу она ёки турмуш ўртоғи бўлиши мумкин. Агар эркак уларнинг иккаласидан ҳам меҳр-эътибор олиб турса, демак Худо уни икки марта омадли қилиб яратган экан.


Ҳар қандай муваффақиятнинг калити ҳаракатдир.

Пабло Пикассо


Аксарият муваффақиятли инсонлар ҳаётини синчиклаб ўргансангиз, ҳаёт уларни қийинчиликлар билан қанчалар тоблаганини кўрасиз. Уларнинг аввалги ва кейинги ҳаётларини солиштирар экансиз, туннинг энг қоронғу лаҳзалари тонг отишидан бир неча дақиқа аввалроқ содир бўлади, деган ҳикматни англайсиз. Сиз муваффақият етти марта қулаб, саккизинчи маротаба оёққа туриш эканини тушуна бошлайсиз.

Муваффақият қозониш ким учундир улкан бойликка эга бўлишни англатса, айрим инсонлар наздида муваффақият, бу — ўз соҳасида тан олиниш демак. Одамларнинг аксарияти учун саломатлик ҳам муваффақият. Ким учундир оилавий бахт, ўз ишидан қаноатланиш ҳамда хотиржам умргузаронлик қилиш муваффақиятдир.

Нега муваффақият омадсизлик билан бошланади?

Аксарият муваффақиятли инсонлар бахтсизлик, омадсизлик туйғуларини бошқалардан кўра яхшироқ биладилар. Бу одамлар уларни машаққатга рўбарў қилаётган ҳаётнинг заргар, ўзларини қимматбаҳо тош эканини англайдилар ва жилоланиш учун машаққатларни қучоқ очиб кутиб оладилар. Яъни, ҳаёт зарба бергани сайин ўзингни олмос билсанг, заргар шакл бераётган тош каби, қадринг ошиб бораверади. Ҳар нарсада бир ҳикмат кўриш ҳам инсонни тушкунликдан асрайди, ишончини оширади.

 Ҳаёт бундай синовлар билан сийлаганларни кўплаб топиш мумкин. Мисол учун, номи олдидан «америкалик», «хитойлик», «гонконглик» деган нисбатлар бериладиган актёр Жеки Чаннинг болалиги ҳам ҳавас қиларли даражада ўтган эмас. Хитойдаги фуқаролар уруши боис ота-онаси мамлакатни тарк этиб, Австралияга йўл олади. Жеки эса 6 ёшида махсус интернат-мактабга топширлади. Айнан мана шу аччиқ айрилиқ унинг тақдирини ўзгартириб юборди. Чунки у мазкур мактабда жанг санъати ва акробатикани ўрганади. Фаолиятини Брюс Лининг фильмларида каскадёрликдан бошлаган Жеки Чан устозининг ўлимидан сўнг бир нечта киноларда суратга тушади. Бироқ у тақлид қилишдан тўхтаб, кураш санъати ва комедияни бирлаштира олганидан сўнг жаҳоннинг энг олди ва қиммат актёрларидан бирига айланди.

Тасодифни қарангки, буюк математик олим, замонавий физика назариясининг асосчиси, XX асрнинг беқиёс даҳоси, Нобел мукофоти соҳиби Эйнштейн ҳам муҳожирликда умр кечирган. Германия ҳукумати нацистлар партияси ихтиёрига ўтгач, ҳатто Эйнтшейннинг боши учун катта пул ҳам тикилади. Физикнинг кўплаб қўлёзма-китоблари Гитлернинг гулханларида ёқиб юборилади. Немис яҳудийси экани унинг тақдирини ўзгартириб юборади, олим 1933 йилда АҚШ га кўчиб кетади. Аммо тақдирнинг бу беқарорликлари унинг буюк олим бўлиб етишишига тўсқинлик қила олмади.

«Рақамли технология отаси» деб ном қозонган Стив Жобснинг ҳақиқий ота-онаси ундан воз кечишган. У бошқа ота-она қўлида асранди сифатида улғайган бўлса ҳам, гарчи, асраб олган ота-она уни ўзи хоҳлаган коллежда ўқитиш учун пул топа олишмаган бўлишса ҳам, Стив Жобс жаҳоннинг энг қиммат ва қудратли компаниясига асос солди.

Самода парвоз қилаётган варрак шамолга қарши учаётгани учун ҳам баландга кўтарилади. Ҳаётда ҳам шундай — рад қилиниш, тан олинмаслик, адолатсизлик, машаққат ва муаммолар оқибатида жисмингизда ва руҳингизда юзага келган куч сизни олға бошлайдиган қувватга айланади. Шунда сиз кун келиб ўзингиз орзу қилган чўққини забт этасиз. Ҳаёт сизни қанчалар қаттиқ ерга урса, сизда шу қадар баландга сакраш имкони пайдо бўлади.

Туғилишнинг ўзи ғолиблик! Модомики, бу ҳаётга келган ҳар ким Ерда ўзининг вазифасига эга бўлар экан, демак барчага муваффақиятли бўлиш, яъни ғалаба қозониш имкони ҳам берилган. Муваффақиятсизликка учраган инсоннинг омади шундаки, унинг хатолари қаршисида кўзгудаги каби акс этади, рўй-рост унга тикилиб турган бўлади. Бироқ, ҳамма бу хатолардан муваффақият ясашга қодир эмас. Боиси, ҳаммада ҳам хулоса чиқариш ҳисси бўлмайди.

Хато ва камчиликларимиз кўз олдимизда турганида биз бошқа нарсани — қўлдан бой берилган имкониятни, наф ёки каттароқ фойдани ўйлаймиз, бундан ранжиб, тушкунликка тушамиз ёки қаттиқ ранжиймиз. Мана шу дақиқаларда инсон танлови унинг тақдирини ўзгартириб юборади: сиз шу вақтда ҳафсала топиб қайта курашга киришасиз ёки ҳаммасини йиғиштириб, одатдагидай яшашда давом этасиз.


Мен муваффақиятсизликни кутиб тура олмайман. Яхшиси, унингсиз олға давом этаман.

Жонатан Уинтерс


Яна бир муҳим жиҳат бор. Мағлубиятга учраб азоблансалар ҳам, яшаш учун курашиб, зулмат исканжасидан ёруғликка етиб келган одамлар аслида энг кўркам ва муносиб инсонлар бўлиб камолга етадилар. Улар одамларни осон тушунадилар, ҳис қиладилар, мулойимлик ва жонкуярлик билан бошқаларнинг ярасига малҳам бўлишга интиладилар. Бундай одамларнинг камол топиши ҳаётнинг ноёб ҳодисаси. Ҳаёт уларни тарбиялаш учун ҳам муваффақиятсизликлар билан мукофотлайди.

«Биз ғалаба қозонамиз» китобидан олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг