Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шуҳрат Сатторов

Ким нени изласа, топгай бегумон...

Муваффақият сирлари: руҳ ва миянинг инсон тақдиридаги ўрни

Муваффақият сирлари: руҳ ва миянинг инсон тақдиридаги ўрни

Муваффақиятли инсонлар феъл-атворини таҳлил қилсак, уларда фақатгина ақлнинг ёки руҳнинг ўзи устун эмаслигига гувоҳ бўламиз. Яъни, онги ва қалби ҳар жиҳатдан юксак, бир-бирига муносиб бўлган инсонларда фаровон яшаш имкони доимо юқори бўлган. Улар ҳар қандай вазиятда ҳам маълумотни тарозининг икки палласи бўлган идрок ва қалб чиғириғидан ўтказадилар.

Биз «эссиз, кўнглимга қулоқ тутсам бўлар экан», «шу нарса бўлишини сезган эдим», «шундай бўлишини юрагим сезган эди» деган жумлаларни кўп эшитамиз. Бу бежиз эмас. Боиси юрак ҳам фикрлайди, мушоҳада қилади. Буюк инсонлар доимо юрак ва ақл оралиғида бўладилар, яъни ҳолатда бўладилар. Шу туфайли даҳоларда бироз телбалик хусусияти ҳам кўзга ташланади.

Буюк инсонларнинг ақл бовар қилмас ҳаракатлари, қарорлари замирида аслида уларнинг кучли юраги турган бўлади.  

Муваффақият идрок ва руҳ оралиғидаги лаҳзаларда содир бўлади.

Инсоният тарихидаги жамики маданият ва элатларда руҳ кучли ҳислар, туганмас завқ-шавқ ва донолик жам бўлган манба ҳисобланган. Шунингдек, инсон муҳаббат, шукроналик, қаноат каби эзгулик рамзи бўлган кучли туйғуларни ўзининг руҳида кашф қилиб келган. Сўнгги тадқиқотларда маълум бўлишича, инсон юраги ва мияси ўртасида ҳамкорлик мавжуд. Улар биргаликда маълумотни қайта ишлашади, инсон ана шу жараёнда қарор қабул қилади.

Ижодкор ҳам, тадбиркор ҳам, рассом ёки режиссёр ҳам машаққатларни енгишга ёрдам берган ҳисларни, оғир дамларда далда бўлган туйғуларни, тараққиётга сабаб бўладиган ғояларни яратишда қалбидан куч олади. Ҳадеб мия билан фикрлаш инсонни ақлдан оздириб қўйиши мумкин.

Биз одатда юракни ақлли, кўнгилни эса хоҳишларга бўйсунади деб ўйлаймиз. Охирги илмий қарашларга кўра юракда ҳам мустақил асаб тизими бўлиб, бу унга мантиқий хулосалар қилиш имконини беради. Юрак мияга асосли ва фойдали маълумотлар жўнатиб туради. Шу боис аксарият инсонлар қалбларига бўйсунадилар. Яъни, юрак қанчалар кучли бўлса, қарорлар шу қадар асосли бўлиб чиқади.

Нейрофизиологлар томонидан руҳ ва мия ўртасидаги «нейронли алоқа йўли» аниқлангач, инсонларнинг ақлли қарор қабул қилишларида юракнинг ўрни юқори экани янада ойдинлашди.

Юракдаги мантиқий фикрлаш тизими шу вақтга қадар ўта мураккаб ва сирли механизм бўлиб қолмоқда. Унда ҳам миядаги каби нейронлар, гормонлар, оқсил ва тўқималар мавжуд. Юракдаги нейронлар сони 40 мингтагача етади.

Юракдан юборилган хабар мияга унинг идрок, қарор қилиш ҳамда бошқа ҳиссий ҳолатга жавобгар қисми орқали қабул қилинади.

Энг қизиқ жиҳати шуки, инсон танаси атрофида ҳосил бўладиган электромагнит майдонидаги қувватнинг асосий қисми руҳдан, яъни қалбдан ҳосил бўлади. Юракнинг магнит қуввати мияникидан беш юз баробар юқори экан.

Ҳеч эътибор берганмисиз, баъзи одамлар билан қайта-қайта суҳбатлашгингиз келаверади. Бунинг ҳам илмий асоси бор.

Одам ўзидан тарқатаётган электромагнит тўлқинлари бошқа инсон танаси ва миясига маълумот тарзида етиб боради. Одамлар шу тахлит бир-бирларида таассурот қолдирадилар ва одамнинг яхши-ёмонини дарров танийдилар.

Биз «назари ўткир одам» ёки «аураси кучли одам» деб ўйлайдиган кишилар бошқалардан тарқалаётган қувватни тушуниш билан бирга, унга таъсир ҳам ўтказа оладилар. Кучли  инонтириш, таъсир ўтказиш қобилияти ҳам аслида қалб таъсирида амалга оширилади.

Ҳиссий қуввати юқори бўлган, яъни кучли руҳиятли инсонлар бошқаларнинг фикрини осон ўқий олади ҳамда вазиятга осон баҳо беради, улар бошқаларни осон тушунадилар. Ҳиссий қувват ёрдамида одамлар ўзлари бўлмаган жойларда бўлишлари, ўзлари билмаган нарсалар ҳақида сўзлашлари мумкин.

Энг муҳими – мия ва юрак ўртасидаги самарали алоқанинг натижаси бўлган муваффақиятлилик инсондаги ижодий ёндашувни юзага чиқаради. Яъни, бу ҳолатда инсон илғор ва ноодатий фикрлайди, бошқалар кўра олмаган имкониятларни тасаввур қилади, тўсиқларни енгиш учун ўзида куч топади ва фақат олға боради.

Шу билан бирга, мия ва руҳ ўртасидаги соғлом алоқа инсон учун ижобий кайфиятнинг туганмас манбасидир. Бундай инсонлар барчани мафтун қилади, уларни барча тинглайди ва улардан тарқалаётган қувват бошқаларга куч бағишлайди.

Юрак ва мия ўртасидаги алоқаларнинг узилиши фақатгина ҳиссий носоғломлик билан боғлиқ эмас. Бунда саломатликнинг ҳам аҳамияти бор. Чунки юрак ишлаб чиқараётган маълумот мияга кўчиб юрадиган асаб толалари ёрдамида умуртқа поғонаси орқали боради. Шу сабабли ҳам инсон асабига дарз кетса, турли оғир касалликлар ҳам юзага чиқаверади.

Яна бир қизиқ илмий далиллардан бири шуки, юрак ички ҳиссий сезгини қайта ишлайди ҳамда махфий белгиларни аниқлаш орқали мавҳумликни ойдинлаштиради. Гап шундаки, юракка хос ички ҳиссиёт макон ва замон чегараларидан ҳам юқори турадиган кучли ахборот майдони билан боғлана олади. Мия келажакни тасаввур қилса, юрак кучли ҳиссий тизим орқали буни сезади. Яна ҳам ҳайратланарли далил шуки, инсон кўнгли бу ахборотни миясига қараганда бир неча баробар тезроқ англаб етади.

Айтмоқчиманки, муваффақият фақатгина ақлга суянган қарорлар натижаси эмас. Сиз қалбингиз ва руҳингиз билан ҳам алоқа боғлашни унутманг. Одам фазовий борлиқ билан ҳам руҳан алоқа қилади. Инсон гуноҳга ботгани сайин руҳиятидан узоқлашиб боради. Бу ҳолатда ғалаба қозониш қийинлашади.

Руҳият ва қалб болаликдан шаклланиб боради. Бунда қуйидаги омилларнинг ўрни юқори:

→ яхши инсонлардан тарбия олиш;

→ ҳалол меҳнатга ўрганиш;

→ китоб ўқиш ва илм олиш;

→ яқин инсонлар билан бамаслаҳат иш қилиш;

→ самимий, шикастанафс, тавозели ва хокисор бўлиш;

→ ёмонлардан йироқ юриш;

→ одамларга яхшилик қилиш;

→ бу дунёнинг ўткинчилигини ҳис қилиб яшаш. 

Мия ва юрак ўртасида самарали алоқанинг йўлга қўйилиши муваффақият учун асосдир. Шунда ақлий қобилият равшанлашиб, инсондаги тўғри қарор қилиш салоҳияти ошади. Бундай ҳолатда тақдиримизда муҳим аҳамият касб этган ижтимоий муносабатлар, одамлар билан мулоқот мазмун касб этади ва мустаҳкамлашиб боради.

Ғалаба сари қадам аввало жисмонан эмас, руҳан ҳаракатда намоён бўлса, мақсад ўзини оқлайди. Юксалиш аввал қалбда содир бўлиши керак. Ана шунда танингиз ҳолдан тойганида қалбингиз билан ҳаракатланишни ўрганасиз. Натижада мудом ҳаракатда бўласиз.

«Биз ғалаба қозонамиз» китобидан олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг