Наманганда собиқ имом-хатиб ҳибсга олинди: у қатор молиявий жиноятларда гумонланяпти
Айрим манбалар жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Поп туман суди собиқ имом-хатиб Одилхон қори Юнусхон ўғли Исмоиловнинг ҳибсга олингани ҳақида ёзмоқда.
Олий суд матбуот хизмати мазкур маълумотни тасдиқлаб, О.И. (1977 йилда Наманган вилоятида туғилган, «Rayxon oilaviy milliy taomlari» таъсисчиси, муқаддам судланган) ва бошқаларга (жами 6 киши) нисбатан Жиноят кодексининг 167, 179, 184, 189, 28,209, 209, 227, 228-моддалари билан айблов қўйилганини, уларга оид жиноят иши айни пайтда жиноят ишлари бўйича Поп туман судида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилаётганини хабар қилди.
Судланувчи О.И. ва яна 4 нафар шахсга «қамоққа олиш», 1 нафар шахсга эса «гаров» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Маълумот учун, Одил қори Юнусхон ўғли Тошкентдаги «Шайх Зайниддин» (Кўкча), «Фирдавс» ва «Хўжа Аламбардор» (Камолон) масжидларида имом хатиблик қилган. Шунингдек, у бир муддат «Вақф» фонди раҳбариятида ишлаган.
Олий суд матбуот хизмати жиноий иш собиқ имомнинг қайси фаолияти билан боғлиқ эканига аниқлик киритмаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter