Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўйиндан фожиага: виртуал ўйинларга берилишнинг аянчли оқибатлари

Ўйиндан фожиага: виртуал ўйинларга берилишнинг аянчли оқибатлари

Баъзан боланинг қўлидаги смартфон экранидаги виртуал жанг майдонлари реал ҳаётга кўчиб қолиши мумкин.

Покистонда содир бўлган фожиа айнан шу ҳақиқатни кўрсатди: Лаҳор суди 17 ёшли Зайн Алига бутун оиласини шафқатсизларча ўлдиргани учун 100 йил қамоқ жазоси тайинлади. Бу мудҳиш жиноятнинг ортида кўпчилик ёшлар яхши биладиган PUBG онлайн ўйинига ўта берилиш ва унинг руҳиятга кучли таъсири тургани айтилмоқда.

Аслида қотиллик 2021 йилда, Али 14 ёшда бўлганида содир этилган. Оиласи уни кўп маротаба “ўйиндан бош кўтар” деб огоҳлантирган, аммо ўсмир бундан ўзини тия олмаган. Полиция маълумотига кўра, у ўйинда топшириқларни бажара олмаган пайтида жуда ҳам тажовузкор бўлиб қолган. Ўша кун ҳам мисли кўрилмаган фожиа ана шундай асабий ҳолатда юз берди: онасидан койиш эшитган ўсмир уйидаги тўппончани олиб, онаси ва сингиллари ухлаётган хонага кириб ўқ узди. Сўнг акасининг ҳам бошига етди. Бир онда тўрт инсон ҳаёти узилди.

Бу инсоният учун сабоқ бўлиши керак. Чунки ўхшаш ҳолатлар бошқа давлатларда ҳам қайд этилмоқда. Масалан, Қозоғистонда 21 ёшли йигит “Free Fire” ўйинини ўйнаётганда телефонини олиб қўйган оила аъзоларини пичоқлаганди.

Савол туғилади: виртуал ўйинлар нима учун бундай хавфли нуқтага олиб келмоқда?

Чунки ёшларнинг кўпчилиги ўйин ва реал ҳаёт чегарасини йўқотиб қўяди. Ота-оналар эса болаларнинг руҳий ҳолатига кам эътибор қаратади.

Ўйин индустрияси миллиардлаб доллар ишлаб топаётган бир пайтда, унинг салбий таъсири учун жавобгарликни ҳеч ким тўлиқ зиммасига олмайди.

Онлайн ўйинларни мутлақ ёмон дейиш ҳам тўғри эмас, уларнинг айримлари билим оширадиган, ҳатто ижодий имкониятларни очиб бериши мумкин. Аммо асосий муаммо унга ўта берилишда. Агар ўйин ҳаётдан, оиладан, азиз инсонлардан ҳам муҳим бўлиб қолса, у энди вақт ўтказиш воситаси эмас, балки хавфли “қуллик”қа айланади.

Шунинг учун ота-оналар фарзандларининг қизиқишларига диққатли бўлишлари керак. Мактаб ва жамоат ташкилотлари соғлом ҳордиқ чиқариш маданиятини ривожлантиришга кўпроқ эътибор беришлари шарт. Энг муҳими, ҳар бир ёш ўзи учун бир саволни бериб кўриши лозим: мен виртуал ўйинларда ғалаба излаётгандек, ҳаётимда ҳам ғалабага интилаяпманми?

Зайн Алининг тақдири бир оила учун улкан фожиа, бошқалар учун оғир дарс бўлди. Ундан бугун хулоса чиқармасак, эртага бу хавф бизга ҳам тегиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг