Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Минтақадаги биргина давлат АҚШнинг Эронга ҳужумини очиқ қоралади

Минтақадаги биргина давлат АҚШнинг Эронга ҳужумини очиқ қоралади

Теҳронда навбатдаги портлаш. 2026 йил 28 февраль.

28 февраль тонгида АҚШ ва Исроил Эронга қарши уруш бошлаган эди. Тобора бутун минтақага ёйилаётган ҳужумни Яқин Шарқдаги аксар давлатлар қўллаб-қувватлади. Минтақада биргина Туркия АҚШ ва Исроилнинг ҳаракатларини очиқ танқид қилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳужум юзасидан чуқур қайғу ва ташвиш изҳор қилар экан, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг провокациялари ортидан бошланган ҳарбий ҳаракатлар Эроннинг суверенитетини қўпол равишда бузиши ва қардош, дўст эронликлар тинчлигига раҳна солишини таъкидлаган.

“Хунрезлик давом этиши ва минтақамиз янада кўп ғам-қайғуга ботишининг олдини олиш учун барча томонлар, хусусан, ислом дунёси зудлик билан чора-тадбирларни кўриши керак”, – деган Эрдўғон. 

Расмий Анқарага кўра, соғлом ақл ва дипломатия ишга солинмас экан, бутун минтақа олов домида қолади.

АҚШ ва Исроилнинг қўшма ҳужуми оқибатида Эронни 1989 йилдан бери идора этиб келаётган 86 ёшли олий раҳнамо Али Хоманаий ҳалок бўлган эди. Эрдўғон олий раҳнамонинг ўлими муносабати билан Эрон халқи ва раҳбариятига таъзия ҳам йўллаган.

Теҳрон Вашингтон ва Тель-Авив ҳужумига жавобан Қўшма Штатларнинг Кўрфаз давлатларидаги ҳарбий базаларига ракета ва дронлар орқали зарба бермоқда. Эрдўғон Эронни қўллаб-қувватлагани ҳолда, Кўрфаз давлатларига ҳужумни номақбул деб атаган.

Туркия раҳбари АҚШ президенти Дональд Трамп билан Эрондаги вазият юзасидан телефон орқали мулоқот ҳам қилган.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳамласини дунёдаги йирик давлатлардан Хитой ва Россия ҳам қоралаган.

Хитой ташқи ишлар вазирлигига кўра, ушбу ҳужумлар Эроннинг суверенитет ва хавфсизлигини поймол этиш, БМТ Низоми ва халқаро меъёрларнинг бузилиши ҳисобланади. Расмий Пекин ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилган.

Москва ҳам Эронга ҳужумни БМТга аъзо мустақил ва суверен давлатга қарши қуролли агрессия сифатида кескин қоралаган. Россия президенти Владимир Путин Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаийнинг ўлдирилишини инсоний ахлоқ ва халқаро ҳуқуқ меъёрларининг намойишкорона бузилиши деб атаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг