Ўзбекистонда бизнес билан шуғулланиш кескин ортмоқда
2026 йил апрел ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) 1065 бирликни ташкил этиб, март ойига нисбатан 6,5 фоизга ошган. Бу Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотида келтирилган.
Унда қайд этилишича, йиллик ўсиш 22 фоизга етган. Асосий ўсишга банк операциялари, биржа савдолари ва янги товар белгилари рўйхатдан ўтказилиши туртки берган.
Таҳлилларга кўра, апрел ойида хўжалик субъектларининг банк ҳисобварақларидаги операциялар сони 8,3 фоизга ошган. Шунингдек, товар-хом ашё биржасида хомашё сотиб олиш фаоллиги 5,4 фоизга кўпайган.
Энг юқори ўсиш товар белгилари компонентида кузатилиб, бу кўрсаткич бир ой ичида 33,9 фоизга ошган.
Марказ таҳлилларига кўра, апрел ойида ИФИ барча ҳудудларда ижобий динамикани намоён қилган. Энг юқори ўсиш Қорақалпоғистонда қайд этилган бўлиб, бу ерда кўрсаткич 46,2 фоизга ошган. Шунингдек, Наманганда 43 фоиз, Жиззахда 41,1 фоиз ва Сирдарё вилоятида 38,1 фоизлик ўсиш кузатилган.
Банклараро тўлов операциялари сони 7,6 миллиондан ошган. Бу март ойига нисбатан қарийб 589 мингтага кўпдир. Айниқса, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Сирдарё ва Қорақалпоғистонда юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сезиларли даражада фаоллашган.
Ҳисоботда товар-хом ашё биржасидаги ўсиш алоҳида қайд этилган. Апрел ойида асосий 34 турдаги товарлар савдоси айланмаси 8,5 трлн сўмга етган. Бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 14,4 фоизга юқори бўлган. Саноат мойи савдоси ҳажми 208 бараварга, битум савдоси 2,6 бараварга ошгани асосий омил сифатида кўрсатилган.
Шунингдек, республикада фаолият юритаётган хўжалик субъектлари сони 514,7 мингтага етган. Йирик корхоналар сони 4 940 тага, кичик корхоналар сони эса 420,9 мингтагача ошган. Шу жумладан, апрел ойида юридик шахслар томонидан 529 та янги товар белгиси ва товар номи рўйхатдан ўтказилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter