Ўзбекистонда фахрийлар мақоми белгиланяпти. Уларга турли имтиёзлар берилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Фахрийлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилиб, иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Қонун лойиҳасига кўра, фахрийлар мақоми, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, имтиёзлари ҳамда давлат органларининг бу соҳадаги ваколатлари аниқ белгиланмоқда.
Ҳужжатда фахрийларнинг тоифалари ҳам мустаҳкамланмоқда. Улар қаторига уруш фахрийлари ва уларга тенглаштирилган шахслар, бошқа давлатлар ҳудудидаги жанговар ҳаракатлар қатнашчилари, Қуролли Кучлар, суд, прокуратура, адлия ва божхона органлари фахрийлари, меҳнат фахрийлари ҳамда алоҳида тоифадаги фахрийлар киради.
Лойиҳага мувофиқ, муайян соҳа, тармоқ ёки касбда узоқ йиллар давомида виждонан меҳнат қилиб, давлат ва жамият эътирофига сазовор бўлган шахсларга фахрий мақоми берилади.
Фахрий мақомини олган фуқароларга бир қатор имтиёзлар тақдим этилади.
Жумладан:
- санаторий ва соғломлаштириш муассасаларида бепул даволаниш;
- уй-жой коммунал хизматлари учун компенсация;
- шаҳар жамоат транспортидан бепул фойдаланиш;
- авиа ва темир йўл чипталарида чегирмалар;
- давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш ҳуқуқи.
Шунингдек, уларни дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш, музейлар, театрлар, спорт ва бошқа маданий муассасаларнинг пуллик хизматларидан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқи ҳам назарда тутилган.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, кўриб чиқиш учун Сенатга юборилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter