Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда лалми ва яйлов ерлари аукционга чиқарилади

Ўзбекистонда лалми ва яйлов ерлари аукционга чиқарилади

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистонда лалми ва яйлов ер участкаларини фойдаланишга киритишни рағбатлантиришнинг янги механизмлари жорий этилмоқда. Бу Президентнинг ПФ–83-сонли фармонида белгиланди. Ҳужжатга кўра, ерларни ўзлаштириш ишлари ер тузиш лойиҳаси ва техник-иқтисодий асосга мувофиқ амалга оширилади.

Янги тартиб бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳар йили ер участкаларини фойдаланишга киритиш дастурини тасдиқлайди. Шунингдек, ер тузиш лойиҳаси ва техник-иқтисодий асос ишлаб чиқиш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигига буюртманома тақдим этади.

Фармонга мувофиқ, техник-иқтисодий асосда ер участкаларининг таҳлили, амалга ошириладиган чора-тадбирлар, молиялаштириш манбалари, харажатлар ва лойиҳа самарадорлиги каби масалалар акс эттирилади. Шунингдек, давлат томонидан бериладиган қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам белгиланади.

Ер тузиш лойиҳаси ва техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш ҳамда тегишли идоралар билан келишиш ишларини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташкил қилади.

Тайёрланган ҳужжатлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва ҳудудга бириктирилган масъуллар томонидан тасдиқланади.

Фармонга кўра, ер участкалари техник-иқтисодий асос билан биргаликда қонунчиликда белгиланган қийматда «E-auksion» электрон онлайн савдоларига чиқарилади. Шунингдек, ерларни фойдаланишга киритиш муддати ер ажратилган кундан бошлаб кўпи билан икки йил этиб белгиланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг