Ўзбекистонда ўртача умр кўриш даври 75,1 ёшгача ошди

Иқтисодиётимиз ривожланиши, аҳолимиз кўпайиши билан хавфсиз ва барқарор энергия ресурсларига талаб ортмоқда.
Ўтган саккиз йилда истеъмолчилар сони 25 фоизга, яъни қўшимча 1 миллион 600 мингтага, истеъмол ҳажми эса 54 фоизга ёки қўшимча 25 миллиард киловатт-соатга ошди.
Шунинг учун “яшил” энергия улушини ошириш бўйича мисли кўрилмаган қадамлар қўйилгани таъкидланди.
Натижада электр ишлаб чиқариш қувватлари 2016 йилдаги 59 миллиард киловатт-соатдан 85 миллиард киловатт-соатга етди, келаси йилда бу 97 миллиард киловатт-соатдан зиёдни ташкил этади.
Шу йилнинг ўзида 6,5 миллиард киловатт-соат “яшил” энергия ишлаб чиқарилди. Энг муҳими, жами генерация қувватларида “яшил” энергия улуши 30 фоизга етди.
2030 йилгача яна 35 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобидан “яшил” энергия улуши 54 фоизга олиб чиқилиши қайд этилди.
Сўнгги йилларда тиббиёт учун маблағлар 6 карра оширилди, сифатли тиббий хизматлар маҳаллагача туширилди.
Одамларимиз юқори технологик тиббий хизматлар учун олдин фақат пойтахтга келарди. Ҳозир бундай амалиётларнинг 400 дан ортиғи вилоят ва туманларнинг ўзида бажарилмоқда.
Аҳолининг турмуш шароитлари яхшиланиб бораётгани натижасида ўртача умр кўриш даражаси 73,8 ёшдан 75,1 ёшга узайди.
“Биз таълим-тарбия учун, аҳоли саломатлиги учун, муаллим ва шифокорларни қўллаб-қувватлаш учун қанча куч ва маблағ керак бўлса, барчасини сафарбар этамиз!”– деди Президент.
Шунингдек, президент халқаро вазиятга эътибор қаратди.
“Афғонистон минтақавий ва глобал хавфсизликнинг муҳим омили эканидан келиб чиқиб, ушбу мамлакатнинг ҳукумати билан конструктив ва амалий ҳамкорлик олиб бориш зарур, деб биламиз.
Биз Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциялари билан тасдиқланган ҳуқуққа, яъни ўзининг мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқига эга, деган қатъий позициямизни яна бир бор билдирамиз”,– деди Президент.
Эл-юртимиз уруш ва офатлар вақтида оғир вазиятга тушиб қолган бегуноҳ инсонларга доимо беғараз ёрдам кўрсатиб келган.
Инсонпарварлик анъаналаримизга содиқ қолиб, Ўзбекистонга олиб келинган Фаластин фуқароларига меҳмонларимиз сифатида зарур ижтимоий, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш бўйича махсус фармон қабул қилинди.
Президентимиз бағрикенг, меҳр-оқибатли халқимиз ушбу фармонда кўзда тутилган чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишда фаол иштирок этишига ишонч билдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter