Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонга Cаудия Арабистонидан ҳадя келди

Ўзбекистонга Cаудия Арабистонидан ҳадя келди

Саудия Арабистони подшоҳлиги Ўзбекистонга хурмо совға қилди. Ушбу ҳадяни Cаудия Арабистонининг юртимиздаги элчиси Юсуф бин Солиҳ ал-Гаҳра ал-Утайбий ҳамда Подшоҳ Салмон номидаги ёрдам ва инсонпарварлик ишлари маркази делегацияси аъзолари топширди.

Маросимда мамлакатимиз вакиллари — Ўзбекистон мусулмонлар идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс Ҳалимов, «Вақф» хайрия фонди раиси вазифасини бажарувчи Музаффар Саломов иштирок этди.

Ҳомиджон Ишматбеков Саудия ҳукумати ва Подшоҳ Салмон номидаги марказга совға учун миннатдорлик билдириб, бундай савобли амаллар дўстона робиталар рамзи эканини таъкидлади.

Саудия элчиси сўнгги икки йилда мамлакатларимиз ўртасидаги робиталар сезиларли даражада мустаҳкамлангани, бунда президент Шавкат Мирзиёев муҳим ўрин тутишини қайд этди.

Саудия томонидан дунё давлатларига хурмо ҳадя қилиш анъанага айланган. Жумладан, ўтган йил март ойида ҳам Подшоҳ Салмон номидаги ёрдам ва инсонпарварлик ишлари маркази мамлакатимизга беғараз кўмак сифатида 50 тонна хурмо совға қилганди.  

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров жорий йил 7 март куни Саудия элчиси Юсуф ал-Утайбийни қабул қилган ҳамда Умра зиёратини ташкил этишдаги хизматлари учун элчихона ходимларига миннатдорлик билдирган эди. Ўз навбатида, Икки муқаддас масжид ходимининг элчиси зиёратчиларга  хизмат кўрсатиш шарафлиги, бу борада элчихона туну кун меҳнат қилишга ҳам тайёр эканини билдирган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг