Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда кунига қанча вақт ўтказяпти?

Ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда кунига қанча вақт ўтказяпти?

Фото: Xabar.uz

«Юксалиш» ҳаракатининг «Opinions» социологик тадқиқотлар маркази Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда «Ижтимоий тармоқлар даврида ҳаёт» мавзусида ижтимоий сўров ўтказди. Унда мамлакатнинг 14 та ҳудудидан 1371 нафар респондент иштирок этди.

Сўров натижаларига кўра, энг кўп фойдаланиладиган платформа Telegram бўлиб, респондентларнинг 88,9 фоизи, яъни 1219 нафари ундан фойдаланишини билдирган. Кейинги ўринларда Instagram — 73,5 фоиз ва YouTube — 61,8 фоиз қайд этилган. Facebook’дан эса иштирокчиларнинг 24,7 фоизи (338 нафар) фойдаланади.

Респондентларнинг 69,9 фоизи ижтимоий тармоқлардан дўстлари ва оила аъзолари билан мулоқот қилиш учун фойдаланишини айтган. 64 фоиз янгиликларни кузатиш, 43,8 фоиз таълим олиш, 42,2 фоиз кўнгилочар контент учун ижтимоий тармоқларга мурожаат қилади. 40,6 фоиз иштирокчи эса ижтимоий тармоқлардан даромад олиш ва касбий мақсадларда фойдаланишини билдирган. Бу саволда бир нечта жавобни белгилаш имкони берилган.

Ижтимоий тармоқларда сарфланаётган вақт ҳам ўрганилган. Иш ёки ўқиш кунларида респондентларнинг 37,3 фоизи ижтимоий тармоқларга кунига 2 соатдан ортиқ вақт сарфлайди. 12,4 фоиз иштирокчи эса кунига 4 соатдан кўпроқ вақтни ижтимоий тармоқларга ажратишини билдирган. Дам олиш кунларида 4 соатдан ортиқ вақт сарфлайдиганлар улуши 19,7 фоизга, яъни 270 нафарга етган.

Иштирокчиларнинг 57 фоизи ижтимоий тармоқларда сарфлаётган вақтини меъёрида деб ҳисоблайди. Бироқ 33,4 фоизи, яъни ҳар уч кишидан бири, ижтимоий тармоқларда керагидан кўпроқ вақт қолиб кетаётганини тан олган.

Вақтини камайтиришга уринган 511 нафар респондент (61 фоиз) бунга эришган, 327 нафари (23,9 фоиз) эса бунинг уддасидан чиқа олмаган. Иштирокчиларнинг 28 фоизи ижтимоий тармоқларда ўтказадиган вақтини камайтиришга эҳтиёж сезмаслигини билдирган.

Тадқиқот натижалари ижтимоий тармоқларда кўп вақт ўтказиш фақат ёшларга хос эмаслигини ҳам кўрсатган. Кунига 2 соатдан ортиқ фойдаланадиганлар улуши нафақадагилар орасида 54 фоиз, уй-рўзғор ишлари билан банд респондентлар орасида 43,7 фоизни ташкил этган. Мактаб ўқувчиларида бу кўрсаткич 27,3 фоиз, талабаларда эса 32,7 фоиз бўлган.

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг уйқу ва кундалик вазифаларга таъсири ҳам ўрганилган. Респондентларнинг 62,2 фоизи, яъни 853 нафари, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш уйқусига таъсир қилишини билдирган. 18 ёш ва ундан катта иштирокчиларнинг 58,1 фоизи эса ижтимоий тармоқлар иш ёки кундалик вазифаларига муайян даражада халақит беришини қайд этган.

13–17 ёшли иштирокчиларнинг 74,4 фоизи ижтимоий тармоқлар уйқусига таъсир қилишини билдирган. Уларнинг қарийб тўртдан уч қисми ижтимоий тармоқлар ўқиш ёки уй вазифаларини бажаришга ҳам халақит беришини айтган.

Ўсмирларнинг 66,7 фоизи ота-онаси ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини доимий назорат қилишини, 28,2 фоизи эса баъзан назорат қилишини билдирган. 5,1 фоиз ўсмирнинг ота-онаси бу борада назорат қилмаслигини айтган.

Респондентлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда энг кўп ташвиш уйғотадиган муаммо ортиқча вақт сарфлаш бўлган — 30,1 фоиз, яъни 413 нафар. Кейинги ўринларда сохта ёки ишончсиз ахборот — 18,6 фоиз (255 нафар), фирибгарлик ва шахсий маълумотларнинг тарқалиши — 13,2 фоиз (181 нафар) қайд этилган.

Шунингдек, респондентларнинг 6,9 фоизи ижтимоий тармоқларнинг уйқу ва саломатликка таъсирини, 6,9 фоизи оила аъзолари ўртасидаги мулоқотнинг камайишини, 4,2 фоизи эса ҳақорат ва тазйиқни асосий муаммолар сифатида кўрсатган. 8,5 фоиз иштирокчи ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ҳеч қандай муаммо келтириб чиқармаслигини билдирган.

Тадқиқот муаллифлари ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклашдан кўра, улардан онгли, хавфсиз ва меъёрида фойдаланиш маданиятини шакллантириш муҳимлигини таъкидлаган. Шунингдек, медиа саводхонлик, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва сохта ахборотни аниқлаш бўйича амалий машғулотларни таълим муассасалари ва маҳаллаларда йўлга қўйиш таклиф этилган.

Таҳлил натижалари ижтимоий тармоқлар билим олиш, мулоқот қилиш ва меҳнат фаолиятини ривожлантириш учун имконият яратишини, бироқ улардан назоратсиз фойдаланиш вақтнинг самарасиз сарфланиши, уйқу, саломатлик ва кундалик вазифаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг