Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзгидромет»: декабрда ёғингарчилик тақчиллиги тугади

«Ўзгидромет»: декабрда ёғингарчилик тақчиллиги тугади

Фото: Xabar.uz

«Ўзгидромет» якунланган декабр ойи бўйича маълумотларни тақдим этди.

2025 йилнинг охирги ойи илиқ бўлди. Декабр ойининг биринчи ярми ва ой охирида бир неча куни энг илиқ бўлиб, ҳаво 13-18 даража илиққача, айрим жойларда 19-24 даража илиққача исиди. 

15 декабр куни Ўзбекистон ҳудудига совуқ ҳаво массалари кириб келди ва республика ҳудуди бўйича ҳарорат фони кескин пасайди. Энг совуқ кечаларда ҳарорат 0-5 даража совуққача, шимолда 8-13 даража совуққача пасайди, кундузи эса  0-2 даража илиқдан кўтарилмади. Республика бўйича совуқ об-ҳаво бир ҳафта давомида сақланиб турди.

Декабр ойида Ўзбекистон ҳудуди бўйича узоқ давом этган ёғингарчилик тақчиллиги даври тугади. Ой ҳавонинг юқори намлиги ва тез-тез ёғингарчилик бўлиши билан ажралиб турди. 

Республика марказий ва жанубий вилоятларининг қатор туманларида ёғингарчилик кучли даражага: текисликда бир кеча-кундузда 15-25 мм, тоғ олди ва тоғларда 30-40 мм гача, баъзи жойларда бир кеча-кундузда 50 мм гачага етди. 

Кўпчилик вилоятларда ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан 150-300% ни ташкил этди. Фақат Хоразм вилоятида, Бухоро, Навоий вилоятларининг катта қисмида ёғингарчилик кам ва меъёр атрофида бўлди. Тошкент вилоятида, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларининг айрим жойларида декабрь ойи сўнгги 25 йил ичида ёғингарчилик энг кўп бўлган ой бўлди.

Тоғларда бу йилги мавсумдаги биринчи қор қоплами декабрь ойининг бошларида ҳосил бўлди. Ойнинг охирига келиб, қор қалинлиги 35-85 см ни ташкил этди. Декабр ойи қор кўчиши хавфи кўпайиши билан ажралиб турди. Қамчиқ довонида ва Чимён табиий чегараси ҳудудида бир неча бор қор кўчкилари қайд этилди. 

Республика бўйича баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучайиши кузатилди, шимолда ва чўл ҳудудларда эса шамолнинг кучайиши 22-25 м/с га етди. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг