Президент божхона органлари ходимларини табриклади
26 январь — Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев божхона тизими ходимлари, фахрийлари ҳамда соҳа раҳбарларини табриклади.
Давлат раҳбари табрикда мустақиллик йилларида божхона органлари мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва давлат чегаралари дахлсизлигини асрашда ишончли таянч бўлиб келаётганини таъкидлади. Янги Ўзбекистон шароитида божхона тизими очиқ, замонавий ва самарали тизимга айланаётгани қайд этилди.
Сўнгги йилларда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида божхона расмийлаштируви вақти 40 фоизга қисқартирилди, декларацияларнинг 20 фоизи инсон омилисисиз амалга оширилмоқда. 2025 йилда 76,2 триллион сўм божхона тўловлари ундирилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 21 фоизга ошган, давлат бюджети даромадларидаги улуши эса 25 фоизга етган.
Шунингдек, 1,2 триллион сўмлик товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, хавфларни олдиндан таҳлил қилиш орқали қўшимча миллиардлаб сўм бюджет маблағлари ундирилиши таъминланди. Наркотик ва психотроп моддаларнинг йирик партиялари ноқонуний муомаладан олиб қўйилди.
Президент табрикда Жаҳон савдо ташкилоти талаблари асосида божхона тартиб-таомиллари соддалаштирилаётгани, Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани ва миллий божхона тизимининг халқаро нуфузи ортиб бораётганини ҳам алоҳида қайд этди.
Шу билан бирга, иқтисодий хавфсизликни таъминлаш, “яширин иқтисодиёт” улушини қисқартириш ҳамда ЖСТга аъзолик жараёнида божхона органлари олдидаги масъулият янада ортиши таъкидланди.
Давлат раҳбари хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган ходимлар хотирасини ёд этар экан, уларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди ҳамда барча божхона ходимларига мустаҳкам соғлиқ, хизмат фаолиятида янги ютуқлар тилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter