Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент минг гектарлик боғни бориб кўрди (фото)

Президент минг гектарлик боғни бориб кўрди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифини Олтиариқ туманидан бошлади.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ҳудудларни ривожлантиришда уларнинг ўзига хос хусусиятидан ва аҳоли кўникмаларидан келиб чиқиб иш тутиш зарурлигини таъкидлайди. Олтиариқнинг шундай устуворлиги деҳқончиликда, одамларининг омилкорлигида. Айниқса, Олтиариқ узуми чет элларда ҳам таниқли «бренд»га айланган.

Бундай маҳсулотларни кўпайтириш мақсадида туман чеккасидаги минг гектар адирликда узумчилик ва боғдорчилик плантацияси ташкил этилди.

Президентимиз ушбу боғни келиб кўрди.

Илгари бу жой ҳеч нарса экилмайдиган қуруқ ер эди. Қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш борасидаги ишлар натижасида халқимиз ризқ-рўзи учун минг гектар янги манба пайдо бўлди. Бунинг учун қудуқлар ва ҳовузлар қазилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Бунда фойдаланилган ускуна ва қувурлар ҳам тўлиқ маҳаллий маҳсулот.

Ўзлаштирилган майдонларнинг 560 гектарида токзор барпо этилиб, «хусайни», «келинбармоқ», «ризамат», «кишмиш» каби харидоргир узум навлари экилмоқда. 300 гектарлик интенсив боғда олма, гилос, ўрик кўчатлари ўтқазилмоқда.

Қатор ораларига тарвуз экилган. Бозор талабига қараб, қалампир, булғор қалампири, бодринг, кўкатлар ва бошқа полиз маҳсулотлари етиштирилади. Булар аҳоли даромади, юртимиз экспортини ошириш учун қўшимча манба бўлади.

— Фарғона қишлоқ хўжалигида катта натижаларга эришаяпти, одамларнинг дунёқараши ўзгараяпти, деҳқонлар экспортга чиқаяпти. Лекин кечаги натижа бугунга тўғри келмайди. Доим изланишда, ҳаракатда бўлишимиз керак. Мана, салгина шароит яратилгани учун шунча жой боғ бўлди. Ҳали ички имкониятларимиз жуда кўп. Бу имкониятларни «инсон қадри» тамойили асосида халқимиз манфаатига йўналтириш керак. Водий гавҳари Фарғона бунда намуна бўлиши керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Бу ер замонавий агросаноат мажмуи бўлади — 1 минг 500 тонна сиғимли музлаткичли омбор, маиший хизмат шохобчалари барпо этилади. 6 та минитрактор, 10 та юк машинаси сотиб олинади. Боғ ва токзорлар аҳолига бўлиб берилади. Бу миришкор олтиариқликлар учун катта имкониятлар яратади.

Давлатимиз раҳбари шу ерда фарғоналик деҳқонлар ва кластер раҳбарлари билан суҳбатлашди.

— Бу боғ ва токзорлар аҳолига хусусийлаштириб берилади. Мулкдор қанча кўп бўлса, масъулият кўп бўлади, харидорларнинг, чет эллик ҳамкорларнинг тадбиркорга ишончи бўлади, одамлар кўпроқ даромад олади, — деди Президент.

Ҳудудда 3 мингдан ортиқ иш ўрни очилиши айтилди. Уларга ишсиз ёшлар ва эҳтиёжманд оилалар, жумладан, хориждан қайтиб келган меҳнат муҳожирлари ишга олинади.

Президентимиз шундай ишчилар билан суҳбатлашди.

Шу ерда Фарғона вилоятида мева-сабзавотчилик ва гулчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимот қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг