Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Нарпай туманидаги вазиятни жиддий танқид қилди

Президент Нарпай туманидаги вазиятни жиддий танқид қилди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Самарқанд вилояти бўйича йиғилиш ўтказмоқда

Вилоятдаги магистрал йўлларнинг 34 километри Нарпайдан ўтгани савдо ва сервисни ривожлантириш учун жуда катта имконият экани таъкидланди. Лекин йўл бўйларида 10-15 та кичик сервис шохобчасидан бошқа одамларни жалб қиладиган бирорта жой йўқлиги кўрсатиб ўтилди. 

Масалан, Мирбозор чорраҳасидан кунига 60 минг транспорт ўтади. Лекин бу ердаги йўл тор бўлгани учун 2 километргача тирбандлик юзага келмоқда. 

Қурилиш учун хомашё захираларининг тўртдан бири Нарпайда жойлашган бўлса-да, қурилиш материали бўйича бирорта йирик корхона йўқлиги қайд этилди. 

Туман саноатининг вилоятдаги улуши 2 фоиз. Ҳудудидан 36 километр темир йўл ўтган, 21 гектарли кичик саноат зоналари бўлган туманга бу кўрсаткичлар ярашмаслиги кўрсатиб ўтилди. 

Самарқанддаги сувли ерларнинг қарийб 10 фоизи ушбу туманга тўғри келади. Бироқ Нарпай вилоятдаги қишлоқ хўжалигининг 5 фоизини ҳам бермайди. 

Туман мутасаддиларига шу ва бошқа муаммоли масалаларни ҳал қилиш йўллари кўрсатиб берилди.

Нарпай туманида 100 гектарда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат зонаси ташкил қилиниши эълон қилинди. У ерда жорий йилнинг ўзида 300 миллион долларлик лойиҳалар бошланади. 

Мутасаддиларга сунъий интеллект ёрдамида ҳар бир маҳалла имкониятини “диагностика” қилиш, “ўсиш нуқталари”ни аниқлаб, туманни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш, даромадни кўпайтириш бўйича Нарпай тажрибасини яратиш топширилди. 

Шунингдек, Нарпай қулупнайчилик мактаби ташкил этилиб, тумандаги 25 та маҳалла қулупнайчиликка ихтисослаштирилади. 

Умуман, Нарпай, Қўшработ, Каттақўрғон, Пахтачи туманлари, Каттақўрғон шаҳрининг вилоят саноатидаги жами улуши бор-йўғи 10 фоизни ташкил қилаётгани кўрсатиб ўтилди. 

Уларда саноатни ривожлантириш бўйича дастур қилиниб, 1 триллион 200 миллиард сўм ажратилади. Бу маблағларнинг 800 миллиард сўми саноат лойиҳаларини зарур инфратузилма билан таъминлашга, қолган 400 миллиард сўми йўл, сув, электр таъминотини яхшилаш, сервис ва реновация лойиҳаларига йўналтирилади. 

Ушбу маблағ доирасида Каттақўрғон шаҳридан 40 километр масофадаги Ингичка шаҳарчасига саноат ва “Янги Ўзбекистон” қиёфаси киради. Бундан ташқари, Каттақўрғон шаҳри марказидаги Нарпай каналидан ўтган, 60 йил олдин қурилган кўприк ҳам реконструкция қилинади. 

Жорий йил Самарқанд вилоятига 500 та электробус олиб келиш чораларини кўриш топширилди. 

Умуман, Нарпай, Пахтачи, Паяриқ, Қўшработ, Иштихон, Каттақўрғон туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида саноат ва сервисни ривожлантириш, янгича қиёфа олиб кириш вазифаси қўйилди.Аҳоли чорвани уйда боқиб, баҳор-ёз фаслида далага олиб чиқишга ўрганган. Лекин чорвани ўтлатадиган жой камайиб кетаётгани қайд этилди. 

Шу боис, вилоятнинг 4 та туманида жами 43 минг гектарда жамоат яйловлари ташкил этилади ва маҳаллаларга 30 йилга бепул ижарага берилади. 

Яйловларда қудуқ қазиб, сув чиқариш, уруғ экиш ва деградатсиядан чиқариш харажатларига 50 миллиард сўм ажратиш топширилди. 

Чорва наслчилиги учун лаборатория ускунаси ва наслли қорамол сотиб олишга 10 йилга 12 фоизли кредит берилади. 

Самарқанд азал-азалдан паррандачилик бўйича етакчи ҳудудлардан ҳисобланади. Энди парранда генетикаси мактабини яратиш бўйича ишларни жадаллаштириш кераклиги таъкидланди. 

Бу борада Булунғур туманида 50 миллион долларлик гўшт йўналишидаги наслчилик корхонаси ишга туширилади. Қўшработда 20 миллион долларлик тухум йўналишидаги наслчилик корхонасининг фаолияти йўлга қўйилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг