Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент Шавкат Мирзиёев қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида иштирок этди

Президент Шавкат Мирзиёев қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида иштирок этди

28 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида иштирок этди.

Маросимда Ватан озодлиги йўлида ҳалок бўлган аждодлар хотирасига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Давлат раҳбари уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқот қилди.

Шавкат Мирзиёев Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида озодлик ва истиқлол йўлида қурбон бўлган аждодларни хотирлаш муқаддас бурч эканини таъкидлади.

Президент кейинги йилларда қатағон қурбонларини оқлаш ва улар хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга оширилган ишларга тўхталди. 2021–2025 йилларда Олий суд томонидан 1 минг 200 дан зиёд қатағон қурбони оқланган. 2026 йилда эса яна 161 нафар ватандошнинг номи оқланди.

Шунингдек, ўтган асрнинг 80-йилларидаги «пахта иши» ва «ўзбек иши» доирасида 1983–1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилгани қайд этилди.

Давлат раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган бир пайтда мамлакатдаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни асраш муҳимлигини таъкидлади.

«Бизнинг йўлимиз — тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди», деди Президент.

Мулоқотда ёшлар таълимига ҳам эътибор қаратилди. Қайд этилишича, сўнгги ўн йилда мамлакатдаги олий таълим муассасалари сони 77 тадан 205 тага етган. Айни пайтда жаҳоннинг ТОП-100 талигига кирувчи университетларда 3,5 мингдан зиёд ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмоқда.

Президент ёшларни миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш устувор вазифалардан бири бўлиб қолишини таъкидлади.

Маросим якунида уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодлар руҳига дуо қилиб, юртда тинчлик ва фаровонлик барқарор бўлишини тиладилар.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг