Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент топшириғига кўра соҳадаги ҳақиқий аҳвол ўрганилди

Президент топшириғига кўра соҳадаги ҳақиқий аҳвол ўрганилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида эндокрин касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилиши ҳақида хабар бергандик.

Давлат раҳбари йиғилиш бошида республикада эндокрин касалликларини барвақт аниқлаш ва даволашга 25 йил давомида эътибор сусайиб кетганини қайд этди.

«Топшириғимга кўра, икки ой давомида жойларга чиқиб, соҳадаги ҳақиқий аҳвол, ҳам аҳолини, ҳам шифокорларни қийнаётган муаммолар ўрганилди.

Ҳақиқатдан ҳам, касалликларнинг олдини олиш борасида бирламчи бўғинда ҳали қилинадиган ишлар кўп.

Мисол учун, сўнгги беш йилда эндокрин касалликлари 20 фоизга ортиб, айниқса, ёшлар орасида кўпаймоқда.

Эндокрин касалликларининг оғир оқибатлари асосан Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларига тўғри келмоқда.

Эндокрин касалликларини бирламчи бўғинда эрта аниқлаш учун мураккаб ускуналар харид қилиш шарт эмас.

Бунинг учун лабораторияларни жиҳозлаш, зарур реактивлар билан таъминлаш ва нафақат эндокринолог, балки оилавий шифокорларни ҳам тайёрлаш катта самара беради», деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари соҳадаги муаммоли масалалар мавзусини давом эттириб:

«Битта туманда камида 10-15 та лаборатория бўлгани билан қонни таҳлил қилишга шароит ва мутахассислар малакаси етишмаслиги оқибатида диабетнинг оғир асоратлари – кўз, буйрак ва тўпиқ касалликлари бўйича республика муассасаларига мурожаатлар 10 фоизга ошган.

Туман шифохонасида диабети бор бемордан бир суткалик стационар кузатиш давомида ўртача 8 маротаба қон таҳлили олиш зарур бўлсада, 15 та лабораторияф ва 60 дан ортиқ ходими бўлган туман даражасида бунинг имкони йўқ.

Сабаби оддий — марказий шифохона ва марказий поликлиникада лабораторияларнинг иш вақти тушлик пайти – соат 14-00 да тугайди. Туну-кун ишлайдиган шошилинч тиббий ёрдам бўлими лабораторияси эса, бир ҳудудда бўла туриб, шифохонанинг бошқа бўлимларига хизмат кўрсатмайди.

Ёки, туманларда йод дефицити, қалқонсимон без касалликларини аниқлаш бўйича гормонал таҳлиллар йўлга қўйилмагани боис, аҳоли хусусий лабораторияларга боришга мажбур бўлмоқда.

Оқибатда халқимиз соғлиқни сақлаш тизимидан мутлақо норози.

Буларни вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, соғлиқни сақлаш идоралари бошлиқлари билмайди-ми?

 Шу боис, эндокрин касалликларини барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади», дея таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг