Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент янги қарор қабул қилди

Президент янги қарор қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.

Сурхондарё вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида қишлоқ хўжалиги экинларидан, жумладан, мевали ва ёнғоқ мевали, сабзавот, полиз, дон-дуккакли экинлардан юқори ҳосил олиш, уларнинг касаллик ва зараркунандаларига қарши курашиш, илғор, интенсив агротехнологияларни жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш учун замонавий билим ва кўникмаларга эга олий маълумотли мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида:

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали негизида Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Институтнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб ҳудудларни ихтисослаштириш, экспортбоп ва даромадбоп қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришни ташкил этиш, қишлоқ хўжалигида инновацион ресурстежамкор технологияларни ҳамда рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича замонавий билимларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш;

ўқув машғулотлари, малакавий амалиётларни ўташда талабаларни инновацион ва янгича фикрлашга йўналтирадиган янги ўқитиш технологиялари ҳамда уларнинг мустақил изланишини таъминловчи механизмларни кенг жорий этиш;

Сурхондарё вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини, жумладан, мевали ва ёнғоқ мевали, сабзавот, полиз, дон-дуккакли, субтропик ва тропик экинларни парваришлашнинг био-, нано- ва ресурстежамкор ҳамда интенсив технологияларини ишлаб чиқиш;

Институт ер майдонларида ички ва ташқи бозор эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил, шўр ва қурғоқчиликка, касаллик ҳамда зараркунандаларга чидамли, маҳсулот сифати юқори бўлган нав ва дурагайлари селекцияси ҳамда уруғчилигини йўлга қўйиш;

илмий ходимларнинг илғор инновацион технологияларни яратиш бўйича ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг новаторлик ғояларини ишлаб чиқаришга жорий этишга кўмаклашиш;

кластерлар, кооперациялар, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун кўргазмали дала майдонларини ташкил этиш ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш;

ривожланган хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар ва магистрларнинг малакасини ошириш.

Институтда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

бакалавриат таълим йўналишларида таълимнинг кредит-модуль тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бунда, талабалар учун ҳафтанинг шанба куни мустақил ўзлаштириш куни деб белгиланади;

хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган қўшма таълим дастурларининг ўқув режалари ва фан дастурлари хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда мустақил тасдиқланади.

Институтнинг фаолияти Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг