Қашқадарёдаги мактаблардан бирини фақат уч ўқувчи битирди
Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги 86-умумтаълим мактабининг Қурилиш қишлоғидаги филиалида мактабни бор йўғи уч нафар ўқувчи тамомлади. Бу ҳақда NasafTV репортажида ҳикоя қилинади.
Битирувчилар кам сонли ўқувчи бўлишнинг яхши ва ёмон томонлари ҳақида сўз юритар экан, асосан ўқувчилар сони камлиги сабабли спорт мусобақаларида доим ҳам иштирок эта олишмаганини, аммо илмда имкон қадар бошқаларга ўрнак бўлишга интилишганини таъкидлади.
Айтилишича, таълим даргоҳи туман марказидан 70 километр узоқликда жойлашган. Бу қишлоқ ёшлари интернет ва ижтимоий тармоқларсиз ҳаёт кечиради.
«Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуслари билан олис, қизил ҳудуд мактабларида ишловчи ўқитувчиларга имтиёзлар ва имкониятлар яратиб берилганидан фойдаланиб, мен Андижон вилоятидан Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги олис ҳудуд — Қурилиш қишлоғига келиб дарс бераман. Биз келган пайтда мактаб қизил ҳолатда эди. Мана, орадан уч йил вақт ўтди. Ўқувчиларда билим, салоҳият ва ўзгаришлар бўлди. Ўқувчилар олимпиадаларда қатнашяпти, тўгаракларга қатнашяпти. Улардаги ўзгариш катта, албатта», — дейди ўқитувчилардан бири.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўқувчиларни навбатдаги ўқув йилини якунлагани билан табриклаб, битирувчиларга Президент табригини ўқиб эшиттирди ҳамда эзгу тилаклар билдирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter