Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ривожланган давлатларда ҳам шакар муаммоси юзага келмоқда. Ўзбекистонда вазият қандай?

Ривожланган давлатларда ҳам шакар муаммоси юзага келмоқда. Ўзбекистонда вазият қандай?

Европа иттифоқи ва Буюк Британияда 2020-21 йилда 16,3 миллион тонна шакар ишлаб чиқарилган. Бу олдинги йилга нисбатан 10 фоизга кам дегани.

Европа шакар танқислигидан азият чекмоқда

Agrarheute.com. сайтининг Еврокомиссия ва шакар ишлаб чиқарувчилар ҳисоб-китобини юритувчи Pfeifer & Langen компаниясининг маълумотларига асосан ёзишича, Британия ишлаб чиқаришини ҳисобламаганда Европа иттифоқи фақат 15,4 миллион тонна оқ шакар ишлаб чиқарган. Бу олдинги йилларга нисбатан 15 фоиз кам дегани.

Pfeifer & Langen компаниясининг қишлоқ хўжалиги бўйича бўлим бошлиғи Доктор Герман Йозеф Шмитц сўзларига кўра, Европа янги ҳосилгача шакар танқислигини импорт ҳисобидан қоплаган. У тақдим қилган маълумотларда 2020 йили Европадаги фермерлар лавлаги етиштиришни 23 фоизга қисқартиришгани қайд этилади.

Ҳаттоки, шакар ишлаб чиқаришда илғор ҳисобланган Франция ва Германия ишлаб чиқарувчилари ҳам лавлаги экишни камайтирган. Бунга сабаб — улардаги асосий шакар ишлаб чиқарувчи 5 та йирик заводининг ёпилишидир.

Польша эса лавлаги етиштирувчиларни субсидия ҳисобига қўллаб келмоқда. Pfeifer & Langen таҳлилига кўра, ушбу мамлакатда лавлаги экиш 10 минг гектарга кўпайтирилган. Аммо бу ҳам шакар танқислигини бартараф этишда фойда бермаган.

«Франция ва бошқа йирик шакар ишлаб чиқарувчи давлатларда лавлаги ҳосили катта талафотга дуч келган. Экинларнинг турли касалликларга дучор бўлиши натижасида сўнгги 20 йил ичидаги энг кам ҳосил олинди. Натижада баланс 25 фоизга тушиб кетди», – деди Шмитц.

Польшада лавлаги экини об-ҳаво ва церкоспориоз муаммосига дуч келган бўлса, Германияда экинлар сариқ вирус ва баҳор ҳамда ёз ойларидаги қурғоқчиллик сабаб кутилган натижани бермаган.

Бу вақтда эса ЕИда шакар нархи 2019 йилнинг энг паст нархидан ҳам тушиб кетганди.

2020 йил март ойида коронавирус пандемияси нархларнинг қайта тикланишга тўсқинлик қилган. Чунки озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам шакар буюртмасини камайтирган эди.

ЕИ Комиссиясининг эълон қилган маълумотига кўра, 2020 йилнинг октябрь ойида бир тонна оқ шакарнинг ўртача нархи 381 еврони ташкил қилган.

Шмитцнинг айтишича, бу нарх лавлаги етиштирувчилар учун етарли бўлмаган. Барқарор ишлаб чиқаришни тиклаш учун нархларни кўтариш керак эди.

Pfeifer & Langen компаниясининг таҳлилчилари жорий йил Европада лавлаги ҳосилининг етиштирилишида барқарорликни кутмоқда.

Шакар муаммосига барҳам бериш учун Германияда лавлаги уруғларни инновацион (неоникотиноид) ўстиришда ҳаттоки фавқулодда рухсатномалар ҳам берилди.

Шмитц яқин 3-5 йил ичида шакар барқарорлигини тиклаш учун шакар тайёрланадиган лавлагилар навларини тайёрлашга фавқулодда рухсатномалар бериш 2022 йилда ҳам давом этишига умид билдирган.

Россияда шакар тайёрлаш ўтган йилга нисбатан 62,7 фоизга камайган

«Россия Федерациясида 2021 йил январь ойида 200,8 минг тонна шакар ишлаб чиқарилган. Бу 2020 йил январь ҳолатига нисбатан 62,7 фоизга кам.

Россияда олдинги йилларга нисбатан катта миқдорда ишлаб чиқариш камайганлигининг сабаби 2020 йилда шакар лавлаги ҳосилининг камайиб кетганлиги билан боғлиқ» — дейилади Sugar.ru иқтисодий-таҳлилий сайти таҳлилида.

Қирғизистонда шакар нархи ўсишда давом этмоқда

Қирғизистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси томонидан ўтказилган кунлик мониторинг натижаларига кўра, асосий аҳамиятга молик шакарнинг ўртача истеъмол нархи ўсишда давом этмоқда экан.

2021 йил март ҳолатига кўра, шакарнинг ўртача нархи 64,36 сом бўлган. 4 ой олдин, яъни декабрь ойида 10,14 сом бўлган. 4 ой ичидаги бу ўсиш 6 баробардан кўпроқни ташкил этмоқда. Роппа-роса бир йил олдин эса ўртача нарх 4,34 сом бўлган. Бу бир йил ичида шакар нархининг 15 баробар ўсиш ҳисобланади, дейилади Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотида.

Дунёни забт этаётган шакар муаммоси ҳали Ўзбекистонга кириб келмади...

Асосий истеъмолдаги озиқ-овқатлар қаторида турувчи шакарни ишлаб чиқариш, халқимизнинг шакарга бўлган талабини узлуксиз ва барқарор таъминлашга сиёсат даражасида қаралмоқда.

Шавкат Мирзиёев президент бўлган илк кунлардан бошлаб Ўзбекистон халқи шакар тақчиллигини сезмасдан яшаши учун барча имкониятларни ишга солмоқда.

Бизда иккита шакар заводи — «Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» МЧЖ халқимиз эҳтиёжини қондириши ва шакар нархидаги барқарорликни ушлаб туриш учун ишлаб келмоқда.

Тан олиб айтиш керакки, шакар бўйича маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизнинг фаолиятида бир қанча табиий ва сунъий тўсиқлар ҳам пайдо бўлиб келган.

2016-2017 йилларда ушбу икки завод Ўзбекистондаги ташқи ва ички тўсиқлар натижасида банкротлик ёқасига келиб қолган эди. Шакар барқарорлиги халқимиз учун зарурлигини инобатга олган давлат раҳбари мазкур иккита заводнинг тўлиқ қувват билан ишлаб чиқаришни давом эттиришини қонуний ва маънавий қўллаб юборган эди.

Ўша вақтдан буён бу заводлар бутун дунёдаги мавжуд шакар муаммосининг Ўзбекистонга кириб келишига қарши курашмоқда.

Аммо, 2020 йилда шакар ишлаб чиқариш юртимизда коронавирус пандемияси даврида ҳам субъектив қаршиликларга дуч келди.

Ички бозоримизни катта имтиёзлар берилган импорт шакар эгаллаши натижасида «Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» МЧЖлар вақтинча фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган эди. Охир-оқибат шафқатсиз бизнесдаги кутилган натижа бўлди. Нарх барқарорлиги бузилди.

Охири нима билан тугаши аниқ бўлган қалтис вазиятни яна мамлакат раҳбари вақтида бартараф этди.

Шу сабаб бўлса керак, бутун дунёда шарпадек кезиб юрган шакар муаммоси Ўзбекистонга қайта бош суқа олмаяпти.

Ўзбекистондаги шакар нархи бўйича рақамларга назар соладиган бўлсак, айни кунда биржага «Ангрен шакар»дан чиқаётган шакар нархи 7 120 сўмни, «Хоразм шакар»ники эса 7 150 сўмни ташкил этмоқда. Ўтган йилнинг март ойида нарх 6780 сўм бўлган. Бу бир йил ичидаги нархнинг фарқи эса 0,5 фоизни ташкил этмоқда.

Бир йил мобайнида бошқа маҳсулотларнинг нарх-навоси анчагина кўтарилди. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, шакар нархи барқарор ва меъёрида сақланмоқда. Бу, албатта, Президентимизнинг узоқни ва ҳақиқий вазиятни кўра олишининг самарасидир.

Ш.Холмуҳаммад ўғли

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг