Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Савоб керакми ёки «очко»?

Савоб керакми ёки «очко»?

Фото: «Xabar.uz»

Муслимбек Мамадалиев биринчи гуруҳ ногирони, аёлининг қисматига ҳам шу ёзилган. Имконияти чекланган бу оиланинг бир нафар фарзанди бор. Аҳволини баён қилиб, Президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилганди, жавобдан боши осмонга етди: озгина сабр қилса, насиб, уйли бўлади!

Орзиқиб кутилган кун... кутилмаганда келди. 2018 йилнинг августида, боз рамазон ҳайити арафасида туман ҳокимлигидан хабар келди: тайёр бўлиб туринглар, янги уйга кўчасизлар!

Бу хушхабарнинг жиндек хижолатли жойи йўқ эмасди: уйларнинг озгина камчиликлари бор, бартараф этгунча сабр қиласизлар-да энди...

Хуллас, янги уйлар соҳиблари қатори Мамадалиевлар ҳам унча-мунча камчиликлардан кўз юмиб туришди: уюштирилган катта тадбирда катта мамнуният ҳали битмаган уйнинг калитини олдилар,  шундай савобли ишга қўл урган катта-ю кичик дуоларга кўмилди.

Мана, Улуғнорнинг қоқ маркази, туман ҳокимлигининг шундоқ пешонасида, коллеж ётоқхонасидан бир амаллаб 27 та хонадонга  айлантирилган «дом»нинг иккинчи қаватига кўчиб ўтишганиям икки ойдан ошди. Қишли-қировли кунлар эшик қоқяптики, «майда-чуйда» камчиликлар бартараф этилишидан дарак йўқ. Яъни, табиий газ, ичимлик суви ҳали тармоққа уланмаган, ошхонанинг «димохоти» йўқ, ҳожатхона бор, аммо ишламайди. Ташқарида, «дом»дан юз қадамча нарида умумий ҳожатхона бор, ҳамма шундан фойдаланишга мажбур. Уй тўрт қаватли, йўлаклари қоронғу экани эътиборга олинса, ярим тунда «ташқарига» чиқишга мажбур бўлган ногиронларнинг аҳволини тасаввур қилаверинг!

Қурилиш ташкилоти билан боғланилса, «биз ҳали уйни топширмадик», деган жавоб олинади. Яна денг қўшибам қўйишади: «...Уй ёқмаётган бўлса, бўшатиб қўйинг!»

«Ношукур»ларга бундан яхши жавоб йўқ!

Қурувчиларнинг бир гапида жон бор: уй расман фойдаланишга топширилмаган. Ҳамма бало маҳаллий раҳбарларнинг одамларни «ихтиёрий-мажбурий» равишда «янги уй»га кўчириб, бу ҳақда «юқорига» ҳисобот беришга шошлиганида, холос. Бундай сохта тезкорлик ва ҳисоботбозлик жабрини дунёга келибоқ қисматнинг аччиқ синовига дуч келган ногиронлар ҳам тортишмоқда! Иккинчидан, бу каби сохтакорлик мамлакат Президенти томонидан олиб борилаётган  инсонпарварлик, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш сиёсатига соя ташлаш эҳтимолини юзага келтирмоқда.

Муаммонинг оғриқли нуқтаси шунда!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг