Сенатнинг ялпи мажлиси якунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди (фото)
Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий Мажлис Сенати томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Парламент юқори палатасининг барча қўмита раислари ва сенаторлар иштирок этган матбуот анжуманида жорий йил 18-19 ноябрь кунлари бўлиб ўтган йигирма биринчи ялпи мажлисда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан ОАВ вакилларига батафсил ахборот берилди.
Қайд этилганидек, видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган, Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали онлайн ёритилган ялпи мажлисда жами 14 та масала кўриб чиқилди.
Уларнинг 5 таси тегишли ташкилот раҳбарлари ахбороти, парламент сўрови натижалари, Сенат қўмиталари томонидан олиб борилган ўрганишлар ва 9 таси халқ фаровонлигини таъминлаш ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қиладиган қонунлардир.
Икки кун давом этган ялпи мажлисда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар бажарилиши, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолатлари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи сенаторлар, Вазирлар Маҳкамаси мутасаддилари, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида қизғин муҳокама қилинди.
Шунингдек, хотин-қизлар меҳнат муҳофазасида йўл қўйилган камчиликлар ҳақида маълумот берилиб, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Матбуот анжуманида йигирма биринчи ялпи мажлисда муҳокама қилинган «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Конституциявий Қонун, шунингдек гидрометеорология фаолияти, оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатлари ва бола ҳуқуқларини таъминлаш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, солиқ маъмуриятчилиги, транспорт ва молия соҳаларидаги маъмурий жазолар либераллаштириш билан боғлиқ ва бошқа Қонунлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter