Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Президентга раҳмат», деган гаплар менга ёқмайди — Шавкат Мирзиёев журналистлар билан суҳбатда бўлди

«Президентга раҳмат», деган гаплар менга ёқмайди — Шавкат Мирзиёев журналистлар билан суҳбатда бўлди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент вилоятида олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишмоқда. Давлат раҳбари ташриф давомида журналистлар билан мулоқотда бўлди ва бир қатор масалаларга эътибор қаратишни сўради.

Муаммолар ҳақида

— Муаммоларимизни ёритишда, бажарилаётган ишларни халққа етказишда матбуотнинг ўрни жуда катта. Сиз билан икки кун давомида бирга юрамиз, мана ҳозир ҳам Чирчиқ шаҳридаги оғир жойларни бориб кўрамиз. Муаммоларни ёритиш, бажарилаётган ишларни халққа етказиб бериш сизнинг зиммангиздаги вазифа. Тошкент вилоятида муаммолар етарли, уларни ҳал қилиш учун кўп ишларни режалаштириб қўйганмиз. Вилоят ҳокими 1048 та маҳалланинг дарди билан яшаши керак.

Тошкент вилояти бу борада экспериментал ҳудуд бўлади. Ҳар битта маҳалланинг ўз ўсиш нуқтаси, драйвери бўлади. Уни топиш ва ташаббус кўрсатиб чиқиш маҳалла раисининг ҳам зиммасида. Биз эса керакли маблағ билан таъминлаймиз.

Халқ билан ҳамкорлик ҳақида

— Шу ўринда халқимиздан бир нарсани сўраган бўлардим — қарс икки қўлдан чиқади. Одамларимиз яхши яшашга ҳақли. Бунинг учун ҳокимият вакиллари билан тенг ҳаракат қилиш керак. Ахир ўз уйини чиройли қилиб ўтириш бизнинг бурчимиз эмасми? «Бўлаверади», деб яшайдиган вақт ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Матбуот ҳақида

— Ташаббусларимизни халққа етказадиган матбуотдир. Мен аввал ҳам айтгандим, сизнинг ортингизда Президент турибди. Муаммоларни кўрсатишда ҳеч нарсадан қўрқмай, дадил ҳаракат қилинг. Ислоҳотларга ҳамоҳанг бўла олмаётган мутасаддиларни кўрсатиб беринг. Шу билан бирга аҳоли орасида ҳам тарғибот ишларини олиб борсангиз яхши бўларди.

Ободончилик ҳақида

— Биз ҳам ёш бўлганмиз, тонг саҳарда туриб томорқада ишлардик, бобо-бувимизга ёрдам берардик. Ҳовлида кафтдек бўш жой бўлмасди.

Мана шу қишлоқни обод қилиш учун уч ой етарли бўлди. Қаранг, атрофга, қилса бўлар эканми? Бўлади, албатта! Энг муҳими, ўз уйимизни ўзимиз чиройли қилиб ўтиришни ўрганишимиз керак. Томорқадан фойдаланиш керак.

Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича кўп ишларни амалга оширяпмиз. Агар сиз ўз ҳовлингизга ишлов бериб, ўзингиз учун маҳсулот етиштирсангиз, бизга катта ёрдам берган бўлардингиз. Журналистлар айнан шу нарсани чиройли қилиб, ҳеч кимнинг ҳамиятига тегмасдан тушунтириши керак. Халқ сизга ишонади, суянади.

Электроэнергия ва ишлаб чиқариш

Бу йил электроэнергия масаласида муаммолар бўлди. Буни тан оламиз. Шу ўринда бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман, илгари туманларда ишлаб чиқариш корхоналари қанча бўларди? Ҳозир қанақа? Йигирма йил олдинни олинг, икки йил аввалги ҳолат ва ҳозиргини солиштиринг. Ҳар бир вилоят, туман ва қишлоқларда ишга туширилаётган тадбиркорлик субъектларини ҳисоблаб чиқинг. Биз бу йўлда давом этишимиз, имкон қадар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринлари яратишни кўзлаяпмиз.

Битта мисол келтираман, мана биз ҳозир Чиноз туманида турибмиз. Шу сиз кўриб турган текстил корхонасида бир йилда 100 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Илгари чинозлик аёллар костюм-шим тикиб, четга сотиши мумкинлигини ўйлаб кўрганмидингиз?

Биз ишсизлик масаласини ҳал қилишимиз керак. Мана Чинознинг ўзида 6700 нафар ишсиз бор, деб маълумот беришди. Аммо мен бу рақамга ишонмайман, аслида ишсизлар сони 10 мингдан ортиқ бўлиши керак. Уларни иш билан таъминлашимиз керак. Бу бўйича тегишли топшириқлар берилди. Тадбиркорларга имтиёзлар берамиз, кредитлари муддатини суриб берамиз, иш ўрни яратишса бўлгани. Электроэнергия масаласида ҳам яхши янгиликлар бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Биз катта давлатга айланамиз!

Худога шукр, бизда аҳоли ўсиш сурати юқори. Ҳар йили 700 минг атрофида аҳоли сони ошиши кузатиляпти. Ҳозир 35 миллион кишидан ошдик. Яна ўн йилдан кейин нима бўлишини ўйланг — 40 миллиондан ошиб кетамиз. Биз катта давлатга айланамиз!

Шунга яраша ишлаб чиқаришни ташкил этишимиз керак. Бунинг учун инфратузилмани яхшилашда давом этамиз. Ҳозирда муқобил энергетикани ўстириш бўйича иш олиб бориляпти — Қорақалпоғистон, Навоий ва Зарафшонда қуёш ҳамда шамол электростанциялари қуриляпти. Яна Сирдарёда иссиқлик электр станцияси ишга туширилади. Уч йил олдин газ ва свет бўлмаган жойларда ҳозир қанча корхоналар қуриляпти. Табиийки энергия бўйича истеъмол ошади.

Инвестиция ҳақида

Инвестиция масаласида шу вақтга қадар мисли кўрилмаган ўзгаришлар бўлади. 2021-2023 йилларда 1 700га яқин ишлаб чиқариш корхоналари қурилади ва бунинг учун 11 миллиард долларлик инвестиция жалб этилади. Металлургия, электроэнергия, саноат — кўп соҳада ишлаб чиқариш жорий этилади. Бу рақамларни тасаввур қиляпсизми? Ҳаммаси шаффоф амалга оширилиши, инвестицияни ҳалол-пок ўзлаштиришимиз шарт.

Бир йилда 54 минг фуқарога ипотека кредити беришни режалаштирганмиз. Тарихда ҳали бунақаси бўлмаган. Йил давомида 100 мингта уй-жой қуриш мақсад қилинган.

Энг катта муаммомиз ҳақида

Бизнинг энг катта муаммомиз — ҳамма амалдорлар ҳам қуйига тушиб, халқнинг ичига киришни уддалай олмаяпти. Юриш керак, халқнинг дардини эшитиш керак. Шу масалада журналистларга ҳам илтимосим бор — сиз ҳамма жойда юрасиз. Менинг қадамим етмаган жойда ҳам сиз албатта бўласиз. Халқ билан кўпроқ суҳбатлашинг, уларнинг дардини эшитинг.

«Президентга раҳмат», деган гаплар менга ёқмайди. Бу ишларнинг барчасини Президент қилмаяпти, балки халқимиз билан биргаликда амалга оширяпмиз.

Биз керакли натижага эришамиз. Оғир бўлади, қийин бўлади, аммо насиб қилса натижага эришамиз.

Зафар Қосимов, «Xabar.uz» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг