Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шифокорлар калтакланишига сабаб нима?

Шифокорлар калтакланишига сабаб нима?

Фото: «Ysia.ru»

Ҳар бир инсон учун соғлиқ, саломатликдан ортиқ бойлик йўқ. Саломатлик ҳам киши учун омонатдир аслида. Бу омонатни асраб-авайлашда барчамизга яқин кўмакдош, аввало, шифокорлардир.

Аммо сўнгги вақтларда атрофимизда ва ижтимоий тармоқларда шифокорларни ножоиз сўзлар билан ҳақоратлаш, ҳатто уларни калтаклаш, омма олдида обрўсизлантиришдек кўплаб кўнгилсиз ҳолатлар тез-тез учраётгани барчамизни хушёр торттириши керак.

Яқинда Кun.uz ижтимоий тармоғида «9 йил муштлашишга эмас, дўхтирликка ўқиганман» — Андижонда тез ёрдам шифокори калтакланди сарлавҳали хабарни ўқиб қолдим. Унда ёзилишича, Андижон вилояти Пахтабод тумани тез ёрдам шифокори беморнинг маст қариндоши томонидан дўппослаб, унинг бурнини синдиради. Магистратурада ўқиётган ёш врачнинг ота-онаси бу воқеадан кейин фарзандини тез ёрдамда ишлашига қарши бўлмоқда.

Яна бир ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманига қарашли Тез тиббий ёрдам шифокори Т.М чақирув бўйича тунги 23:30ларда Халқабод маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи М.Ш хонадонига борганда беморни яқинлари томонидан калтакланиши ва шифокорга жиддий жароҳат етказилганлиги ҳақида хабар омма эътиборини тортди.

Ушбу ҳолат бўйича ўтказилган суриштирув ишларида шифокор вақтида етиб келмагани ва беморга ўз вақтида биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилмагани сабабли ушбу ходиса юз берганлиги аниқланади. Нима бўлгандаям, биз ўз қўлимиз билан ўтирган шоҳимизни кесмаслигимиз керак. Мисол учун, ўт ўчирувчи кечикиб келса, ҳамма нарса ёниб кул бўлса ҳам, ҳеч ким уларга қаттиққўллик қилмайди, аксинча, жарима ёзишидан қўрқиб бир четда дирдираб туришади. Албатта, ҳар қандай бемор, аввало, ўз соғлиғига ўзи масъуллигини унутмаслиги керак.

Ўзимдан мисол, бир куни Тошкент вилоятининг Пискент тумани Лолариқ маҳалласи, Сарбон кўчаси 12-уйда истиқомат қилувчи 67 ёшли онамнинг қон босимлари тўсатдан кўтарилиб кетди ва мен тез тиббий ёрдам 103 рақамига қўнғироқ қилдим ва ажойиб ҳолатнинг ичига тушиб қолдим.

Буни қарангки, гўшакдан «Тошкент вилоятининг Нурафшон Ковид маркази эшитади» деган овоз келди. Мен эса Нурафшонга эмас, Пискент тумани Тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилганимни айтганимда оператор қиз «Сизнинг маълумотларингизни ёзиб оламиз ва Пискент тумани Тез тиббий ёрдам бўлимига етказамиз, ҳозир туман бўлимлари вилоятга уланган, тартиб шундай бўлган», деб жавоб берди.

Онамнинг қон босимлари 120x190, аҳволлари яхши эмас, орадан 10 дақиқа ўтса ҳамки, тез тиббий ёрдамдагилардан дарак йўқ. Шунда яна қўнғироқ қилдим ва Нурафшон шаҳар Ковид марказига тушдим яна қайтадан онамнинг ёшлари, уй манзилимиз, телефон рақамимизни бирма-бир сўради. Асабийлашиб кетдим, беморнинг аҳволи оғирлашиб турганда бундай савол-жавоб инсонга ёқадими? Очиғи, анча асабийлашдим. Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида истиқомат қиладиган яқин қариндошимнинг айтишига қараганда уларда ҳам ахвол шундай экан.

Буни қарангки, орадан чамаси 20 дақиқалар ўтганидан сўнг, Пискент тумани тез тиббий ёрдам шифокори қўнғироқ қилиб, манзилга келаётганини, кечикишаётгани учун узр сўрашди. Нақд 35 дақиқада шифокор етиб келди ва биринчи ёрдамни кўрсатди.

Уларни кузатар эканман, нима сабабдан мен вилоят ковид марказига тушиб қолаётганимни сўраганимда, улар «ўзимиз ҳам тушунмай қолаяпмиз, шунинг ортидан беморларнинг яқинларидан хақоратли сўзларни эшитаяпмиз», дейишди.

Бундай ҳолат кейин ҳам уч-тўрт маротаба такрорланди. Тўғри, ўша пайтда пандемия авж олган ва балки, вирус билан чалинган беморларга тезкор ёрдам кўрсатиш мақсадида бу амалиёт ўйлаб топилгандир. Бироқ тизимнинг ичига чуқур кирмасдан, тажриба синов майдончаси тарзида бундай янгиликларнинг ўйлаб топилаётгани ижтимоий тармоқларда жиддий эътирозларга сабаб бўлаётганини унутмаслик керак. Ўртада айбсиз айбдор бўлиб қолаётган энг қуйи бўғиндаги шифокорларда айб йўқ, албатта.

Яна бир мисол. Наманган вилояти Наманган шаҳридаги 10-сонли оилавий поликлиникага тунги соат 2:30ларда иситма борлигидан мурожаат қилиб келган бемор шифокорни калтаклайди ва жароҳат етказади. Воқеани кузатиб оқ халат кийиб олган шифокорларга қаттиқ раҳмим келди.

Фарзандларим билан Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани 19 мавзега қарашли оилавий поликлиникага бордим. Оилавий поликлиникада мен каби шифокор ҳузурига ёшу қари навбат кутиб турибди. Хонада терапевт шифокори ҳам болаларни ҳам ёши катталарни қабул қилиб, керакли муолажани қилмоқда.

Лекин мени ўйлантирадиган савол шуки, қандай қилиб болалар шифокори ёши катта инсонларга касаллиги бўйича ташхис қўя олиши мумкин?! Тиббиёт соҳасидаги мутасаддилар мана жиҳат бугун мен каби кўпчилик учун оғриқли муаммога айланмоқда.

Тошкент вилояти оилавий поликлиникаларининг бири шифокори менга «Сиз журналистсиз, шуни ёритинг, мен катталар шифокориман, ёш болаларни даволаш мен учун оғриқли муаммога айланмоқда», деган эди. Ўша ижтимоий тармоқларда шифокорлар калтакланишига сабаб бўлаётган воқеалар замирида айнан мана шундай тизимли ҳал қилинмаган муаммолар турганидан кўз юмиб бўлмайди. Масъулиятсиз, порахўр ва ўз ишини пухта билмайдиган кимсалар ҳамма соҳада ҳам бор албатта. Биз ҳуқуқий демократик жамиятда яшаяпмиз ва ҳамма нарсани қонун йўли билан ҳал қилишга ўрганишимиз керак.

Лекин нима бўлганда ҳам Гиппократ қасамига содиқлик билан иш олиб бораётган соҳа ходимларига нисбатан ҳар доим меҳрли ва ҳурматли муносабатда бўлсак, фақат ўзимиз ютамиз.

Лобар Шомуродова, журналист

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг