Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ваъдаси Фарғона ҳокиминикидан ҳам қуюқ бўлди
Куни кеча қатор ҳудуд раҳбарлари халққа мурожаат билан чиқишди. Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳам ўз чиқишида Фарғонадаги ҳамкасбинидан қолишмаган ваъдани берди.
«Битта маҳаллада беш юзта хонадондан ҳеч бўлмаса биттадан чиқиб бир ой эрталаб ва кечқурун бир соатдан пиёда юрса, ўша маҳалладагиларнинг барчасини Самарқанд ва Бухорога саёҳатга юбораман. Агарда маҳалла раиси, профилактика инспектори ва уларнинг атрофидагилар уч ой давомида хонадонлардаги фуқароларни пиёда юришга жалб этишни ташкиллаштириб берса, уларни Дубайга юбораман.
Бундан ташқари, узлуксиз равишда эрталаб ва кечқурун ходимлари билан бирга пиёда юришни ташкил қилган ташкилот раҳбарларини ҳам Дубайга жўнатвораман. Қанча пул кетса ҳам майли. Мақсад одамларни юргазиш. Бундан ортиқ бошқа нима қилиш керак?», — деган Шуҳрат Абдураҳмонов.
Вилоят ҳокими аҳолининг касал бўлишини олдини олиш мақсадида ўз саломатлиги ёки ваъда қилинаётган мукофот учун пиёда юришни истамаганларни мажбурлаб бўлса-да, юришини йўлга қўйишини айтган.
«Эндокрин, юрак қон-томир ва бошқа касалликларнинг келиб чиқиши иккита нарсага — камҳаракатлик ва нотўғри овқатланишга боғлиқ. Камҳаракатлик бўйича қайга борсам гапираяпман. Олдинлари битта каналдан иккинчи каналга олиш учун телевизор олдига борардик. Ҳозир ётган еримизда ҳамма нарсани бошқаряпмиз. Кўчага чиқиб қўлингизни чўнтагингизга солиб чиқариб қўйсангиз машина тўхтаяпти. Бир қадам юрмаяпти. Мен буларни гапиришга мажбурман.
Президентимизга «Андижонликлар ҳаммамиз юрамиз», деб ваъда берганман. Яна бир бор айтаман, авваламбор, ўзингнинг саломатлигинг учун юр, унинг учун юрмасанг, берадиган рағбатим, мукофот учун юр. Унда ҳам бўлмаса, уйингга бориб, мажбурлаб, етаклаб олиб чиқишга мажбур бўламан. Бўлмаса бошқа иложимиз йўқ. Эртага касал бўлгандан кейин миллион-миллион сарфлагандан кўра, касал бўлишнинг олдини олиб қўяйлик. Шунга миллион сарфлаб қўя қолайлик, деган ҳисоб-китоб билан гапиряпман. Ёқадими-ёқмайдими, қаттиқ-қаттиқ гапиришга мажбурман. Келинглар, ҳаммамиз бир бўлиб, шунга ҳаракат қилайлик. Эрталаб ва кечқурунда бир соатдан пиёда юрайлик, овқатланишни тартибга солайлик», — давом этган вилоят ҳокими.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бир кило озганга 500 минг сўмдан пул тўланишини маълум қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter