Шунча психотроп моддалар қаердан «учиб» ўтяпти?
Божхонага қойил қолиш керак. Ҳар хил рейдлар, тезкор тадбирлар ўтказиб, турли ҳуқуқбузарликларни аниқлашади, қоидабузарларни ушлашади. Бу ҳақда маълумот тайёрлаб, ОАВга ҳам тарқатишади.
Гапимизни жуда кўп мисоллар билан далиллашимиз мумкин. Масалан, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида битта Нексия машинасидан 3 хил гиёҳванд модда топилиб, ушланган. Фарғона шаҳрида ҳам битта автомобилдан кучли таъсир қилувчи таблеткаларни қўлга туширишган. Ёки Тошкент вилоятидаги бошқа ҳолатда каттароқ миқдорда наркотик моддалар ушланган.
Улар фақат чегарада эмас, шаҳар ичида ёки бошқа ҳудудларда ҳам рейд ўтказиб, мана шундай оғуларни топишади. Ҳаммаси зўр, фақат бир савол туғилади шу ерда: машина ё бошқа ҳудудлардан топилган гиёҳванд, психотроп моддалар қаердан пайдо бўляпти?
Хўп, наркотикдан бошқа мисол келтирамиз. Дейлик, пиротехника воситалари. Айни ҳозир панқиллоқларнинг мавсуми бошланган. Бозорлар, машиналар, кўчалар ва шунга ўхшаш жамоат жойларида рейдлар қилиниб, панқиллоқ сотувчиларни қўлга олиняпти. Масалан, Қашқадарёда 13 мингта, Жиззахда машинадан салкам 33 мингта, Тошкент шаҳрида эса қарийб 56 мингта шундай воситалар аниқланган ва уни сотувчилар ушланган. Юқоридаги барча тадбирлар шу йил ноябрь ойида бўлиб ўтган.
Ана энди, юқоридаги саволга яна қайтамиз: шунча пиротехника воситалари қаердан пайдо бўлиб қоляпти, ё уларни кимдир ишлаб чиқаряптими? Ахир машина, кўча ё бозорда бемалол сотиб юришган экан, демак, улар ҳам қаердандир ёки кимдандир олган эмасми? Ўзбекистонда психотроп ва пиротехника воситалари ишлаб чиқарилмаслигини инобатга олсак, у қандай қилиб мамлакатга кириши мумкин?
Бир нарсага ойдинлик киритиш керак, нега энди чегарадаёқ йўқ қилиниши зарур бўлган катта партияли бундай моддалар бутун Ўзбекистонга тарқаб кетяпти...
Нега улар чегарадаёқ тўхтатилмаяпти? Ҳатто дорихоналаргача етиб боряпти. Дорихонагача кирган бундай таблеткалар бирор ўсмирнинг қўлига осонгина тушмаслигига кафолат борми? Ёшларни бундай заҳарлашдан ким манфаатдор ўзи?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter