Соҳибқирон мероси замонавий ёшлар нигоҳида: Туркиядаги ўзбек талабалари илмий майдонда бирлашди
Жорий йилнинг май ойида Туркиянинг тарихий пойтахтларидан бири — Бурса шаҳридаги ўзбекистонлик талаба ёшлар жамоаси ташаббуси ва Истанбул бошконсуллиги дастаклари билан “Тарих ва бугун: Амир Темур ҳақида айтилмаган гаплар” мавзусидаги халқаро симпозиум бўлиб ўтди.
Икки кун давом этган ушбу нуфузли анжуманда Туркиянинг турли ҳудудларидан келган 200 дан ортиқ фаол ёшлар ва меҳмонлар иштирок этди. Тадбир ватандошларимиз учун ҳам юқори даражадаги илмий платформа, ҳам маънавий бирлашув майдони вазифасини ўтади.
Бурсада тарихий учрашув: Саёҳат ва маданият куни:
Тадбирнинг илк куни Туркиянинг бошқа шаҳарларидан ташриф буюрган талаба-ёшларни кутиб олиш билан бошланди. Иштирокчилар Бурсанинг бой ўтмишидан ҳикоя қилувчи қадимий қадамжолар ҳамда Усмонли даври меъморчилигининг нодир намуналарини зиёрат қилдилар. Бу жараён шунчаки экскурсия эмас, балки умумий тарихимизга бўлган юксак ҳурмат ифодасига айланди. Айниқса, Бурса кўчаларида давом этган қизғин ва самимий суҳбатлар иштирокчилар қалбида унутилмас бирдамлик лаҳзалари бўлиб муҳрланди.
Амир Темур мероси: тарих ва бугуннинг илмий таҳлили:
Тадбирнинг иккинчи куни илмий мунозараларга бой ўтди. Илмий сессияларда асосий эътибор Амир Темур шахси ва у асос солган марказлашган давлатчилик тизимининг фундаментал принсипларига қаратилди. Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Иқболжон Усмонов ўз маърузасида Соҳибқироннинг бошқарув маҳорати, адолат мезонлари ва минтақавий барқарорликни таъминлашдаги роли ҳақида янги архив маълумотларига таянган ҳолда таҳлилий мулоҳазаларини баён этди. Илмий мунозаралар чоғида Темурийлар ренессансининг бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган учинчи ренессанс пойдевори сифатидаги аҳамияти қиёсий таҳлил қилинди.
Иқтидорли ёшлар эътирофи ва муносиб рағбат:
Симпозиум доирасида талабалар ва ёш тадқиқотчилар ўзларининг илмий лойиҳаларини тақдим этдилар. Мазкур тақдимотлар ёшларнинг замонавий илм-фанга бўлган қизиқиши ва интилишини намойиш этди. Ҳайъат аъзолари томонидан энг муносиб деб топилган учта энг яхши лойиҳа муаллифлари ноутбук билан тақдирланди. Бу каби рағбатлантиришлар чет элда таҳсил олаётган ватандош ёшларнинг келгусидаги изланишлари учун катта туртки бўлиши таъкидланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, "Тарих ва бугун" симпозиуми аждодларимизнинг метин иродаси ва бой меросини замонавий билимлар билан уйғунлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бурса Ўзбекистон ёшлар бирлиги бу каби илмий-маданий мулоқотларни мунтазам равишда давом эттиришни, мусофирликда бир-бирига елка бўлиб, миллий ғоя атрофида бирлашишни мақсад қилган. Зеро, маърифат ва бирдамлик йўлидаги интилишлар Ватан тараққиётининг кафолатидир.
Тадбирда Бурса вилояти маҳаллий ҳокимият вакиллари ва Ўзбекистон-Туркия парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Осман Местен ҳам меҳмон бўлиб, тадбир ва икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқалари ҳақида илиқ фикрлар билдириб ўтишди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter