Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Солиқ концепциясидаги ўзгаришлар пенсия ёши узайтирилишига сабаб бўлиши мумкинми?

Солиқ концепциясидаги ўзгаришлар пенсия ёши узайтирилишига сабаб бўлиши мумкинми?

Фото: «Uz24.uz»

Грузиядаги ёшга доир пенсия 2016 йилдан бери 180 ларилигича (64,4 доллар) қолмоқда.

Солиқ ислоҳотларини амалга ошириш мақсадида таклиф этилаётган концепциянинг кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётгани барчамизга маълум. Бунда айниқса иш ҳақи юзасидан бўладиган тўловларда бир текис солиққа тортиш амалиётининг қўлланиши таклифи катта аҳамиятга эга.

Дарҳақиқат, шу кунга қадар иш берувчи иш ҳақи ҳисоблаши ва ходимнинг қўлига келиб тушгунча бўлган жараёнда солиқ ва ажратмаларнинг бир нечта турини тўлашга мажбур эди. Солиқларнинг бир қанчаси жисмоний шахс номидан ажратилса-да уларни ўз вақтида тўлаш ва аниқ ҳисоб-китобини юритиш иш берувчи зиммасида эди. Бу ўз навбатида ойлик ҳисоблаш учун кўп вақт ва қўшимча харажат талаб қилар эди. Эндиликда янги бир текис шкаладаги солиқ ставкасининг қўлланиши натижасида иш берувчи ҳам вақтини, ҳам нақдини тежаши аниқ. Шунингдек, агар иш берувчи ўз ходимларига нисбатан эски иш ҳақи фонди ва харажатларини сақлаб қолса иш ҳақи ўсишига ҳам сабаб бўлади.

Барча турдаги иш берувчиларнинг бирдай ютишини амалдаги ҳисоб-китоблар билан тасдиқлаб кўрсатамиз. Чунки ходим учун унинг қўлига тегадиган пул миқдори қизиқ бўлса, иш берувчи учун ходимнинг иш ҳақи бўйича жами қанча харажат кетиши муҳим ҳисобланади. Токи реал ҳисоб-китоб қилиб бунинг фарқини кўрмас экан, ҳар иккала томон ҳам янги таклифнинг аҳамиятини сезмаслиги мумкин. Бунинг учун шартли равишда уч хил миқдорда даромад олувчи жисмоний шахсларни мисол қилиб оламиз. Уларнинг қўлига оладиган иш ҳақини 835 426 сўм, 1 563 770 сўм ва 7 043 770 сўм деб қабул қилган ҳолда бунинг амалдаги ва таклиф этилаётган концепция бўйича ҳисоблангандаги харажатлари миқдорини аниқлаймиз.

Иш ҳақи бўйича ҳисоб-китоблар, амалдаги ва янги концепция таъсиридаги натижа

Юқоридаги ҳисоб-китоблар барча турдаги корхона ва ташкилотлар касаба уюшмасига ҳам 1 фоиз ажратма ажратади деган шарт билан ҳисобланган.

Юқоридаги жадвалдан кўриш мумкинки, бугунги кунда тўланиши мумкин бўлган турли қатламлар доирасидаги иш ҳақи миқдорлари бўйича иш берувчининг харажатлари ҳар бир тоифада камаяди. Аввал кичик бизнесда фаолият юритувчи тадбиркор маълум бир миқдордаги иш ҳақини бериш учун ўртача 1,5 баравар кўп пул харажат қилиши керак бўлса, эндиликда у 1,33 баравар харажат қилган ҳолда содда тартибда иш ҳақини бериши мумкин. Бу йирик ташкилотлар, хусусан давлат ташкилотлари ишчилари учун ҳам ойликни ошириш имконини беради. Гарчи аввалги ойлик миқдорини сақлаб қолган ҳолда ўз харажатларини жадвалдаги сингари қисқартириш имкони бўлса ҳам, умид қиламизки, хусусий корхоналар ва давлат ташкилотлари ишчиларнинг қўлига тегадиган пулни кўпайтириш йўлини танлашади.

Ушбу ўзгаришдан айниқса йирик ташкилотлар катта фойда кўради. Бироқ, танганинг иккинчи томони ҳам борки, давлат бюджети тушумлари ва хусусан пенсия таъминоти масалаларининг кейинги тақдири қандай кечиши бизга номаълумлигича қолмоқда. Ушбу ҳолатга нега жиддий аҳамият бераётганимнинг сабабини ҳозир тушунтираман.

Мен аввалги мақолаларимдан бирида солиқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифларимни билдиргандим ва унда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия фонди маблағлари манбаларининг сўнгги йиллардаги тушумларини шакллантирувчи фоиз ставкаларини кўрсатгандим. Шундан англаш мумкинки, иқтисодиётда фаол бўлган расмий ишлаётган аҳолининг нисбатан камлиги эвазига сўнгги йилларда гарчи кичик бизнес учун ягона солиқ тўлови 15 фоизга туширилган бўлса ҳам, иш ҳақидан фуқароларнинг суғурта бадаллари йил сайин ошириб келинмоқда эди. Аслида кичик бизнесда расмий фаолият юритаётган ходимларнинг сони йирик ташкилотларда фаолият юритаётган ходимлар сонидан кескин фарқ қилади ва бюджетга бир неча баравар кам даромад келтирган. Шунинг учун ҳам йирик ташкилотлардаги ходимларнинг иш ҳақидан олинадиган суғурта бадалларининг оширилиши ҳамда ялпи тушумдан мажбурий ажратмалар сифатидаги тушумларнинг оширилиши пенсия таъминотини қоплашга бир амаллаб етказиб келинаётган эди.

Агар бюджет даромадлари таркибида улушининг юқорилиги жиҳатидан таҳлил қилинадиган бўлса Ягона ижтимоий тўловнинг улуши иш ҳақи бўйича тўланадиган солиқ ва ажратмалар таркибидаги энг йириги ҳисобланади. Концепцияда айнан 25 фоиз сақланиб қолинишининг асосий сабабларидан бири ҳам айнан шу бўлса керак деган фикрдаман (чунки ЯИТ 25 фоиз, кичик бизнес учун 15 фоиз). Бу орқали бюджетга келадиган йирикроқ даромад сақлангани ҳолда қолган манбалардан келувчи даромадлар йўқотилиши белгиланган.

Янги концепциянинг 25 фоиз бир текис шкаласида белгиланиши ҳамда мажбурий ажратмаларнинг умуман бекор қилиниши пенсия таъминотининг манбалари камайиб кетишига олиб келади. Бу борада 25 фоиз текис шкаланинг тақсимланишини мен қуйидаги тартибда амалга ошса керак деб тахмин қилмоқдаман.

Солиқ ставкаларининг тақсимланиши

Кўриб турганингиздек, мен ажратаётган ажратмаларда олдинги тўланиб келинган фуқароларнинг даромад солиғи бўйича йўналиш янги концепция бўйича умуман йўқ бўлиб кетган. Бунга сабаб барибир ушбу маблағларнинг аксарият қисми пенсия таъминотини дотация қилишга йўналтирилиши кузатилган. Бироқ агар худди шундай тартибда тақсимланса ҳам пенсия таъминоти кейинчалик расман фаолият юритувчи кишиларнинг кескин ортиши ҳисобигагина қопланиши мумкин. Бошқа ҳолларда фақатгина дотация, пенсия миқдорини оширмай туриш ёки пенсия ёшини узайтириш сингари ечимлар билангина пенсия таъминотини сақлаб қолиш мумкин.

Энг қизиғи, агар пенсия ва нафақалар бозор иқтисодиёти қоидаларига мувофиқ бозор нархларига кўра индексация қилиб борилиши белгиланса, ушбу масаланинг ечими жуда қийинлашади. Натижада бугунги кунда Грузия дуч келаётган пенсия таъминоти муаммосига Ўзбекистон ҳам дуч келиши мумкин. Ҳа, мен шахсан ўзим Грузиядаги солиққа тортиш тизимининг бизда қўлланиши бўйича ижобий фикрлар билдирганман ва шу ислоҳотларда айнан шу давлатдан андоза олинаётганидан ҳам бахтиёрман. Бироқ, шу билан бирга, биз энг яхши жиҳатларни олишимиз ва улар йўл қўйган хато ва камчиликларни такрорламаслигимизни истайман. Агар воқеалар ривожи нисбатан қийинроқ кечадиган бўлса, бизда ҳам пенсия ёши узайтирилиши чораси қўлланиши мумкин (маълумот ўрнида: Грузияда пенсия ёши эркаклар учун 65, аёллар учун 60 ёш қилиб белгиланган, Ўзбекистонда эса эркаклар учун 60, аёллар учун 55 ёшни ташкил қилади).

Бироқ бунинг олдини олиш учун бир қанча чора-тадбирлар қўллаш мумкин:

— хусусан, норасмий секторда фаолият юритувчи барча субъектларни расмий секторга ўтказиш ишларини ривожлантириш;

— хорижда фаолият юритаётган ишчиларнинг барчаси расмий шартномага мувофиқ даромад солиғини Ўзбекистонга тўлашини йўлга қўйиш ёки иккитомонлама келишувга мувофиқ бошқа давлатлардаги шу борадаги ишларни жадаллаштириш;

— расмий иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли тезроқ иш топишига туртки бериш мақсадида маълум миқдордаги маблағнинг қатъий солиқ сифатида пенсия таъминотига тушишини таъминлаш (чунки якунда барибир ёшга доир пенсияни олиш ҳуқуқи берилади ҳар кимга);

— орттирилган ногиронлик нафақаларини белгилаш тартибини ислоҳ қилиш ва бошқалар.

Энди мен концепцияда таклиф этилаётган айрим масалалар юзасидан бир қанча саволларни ўртага ташламоқчиман.

Бирлаштириб юборилган даромад солиғи, пенсияга ажратма ва ягона ижтимоий тўловлар бюджетда қандай тақсимланиши ҳам ҳозирча номаълум (мен бу бўйича ўз тахминимни юқорида келтирдим, бироқ даромад солиғидан имтиёз деган тушунчаларнинг тақдири қандай кечиши менга қоронғи, хусусан, шу вақтга қадар даромад солиғидан имтиёзни қўллаган ҳолда суғуртага ёки ипотека кредитларини қоплашга йўналтираётган инсонлар учун бу жуда муҳим саналади. Бошқа томондан агар кўпроқ иш ҳақи олиш имконияти пайдо бўлса бундай имтиёзларнинг кераги ҳам йўқ аслида).

Эндиликда пенсия таъминоти бўйича мамлакатдаги ҳар хил турдаги пенсия ва нафақаларни олувчи шахсларни таъминлаш масаласида қандай чоралар кўрилади (бу ҳақида ҳам таклифларимни билдириб ўтдим)?

Таклиф этилаётган концепция бўйича жамғариб бориладиган пенсия таъминотига ажратмалар бўлиш ёки бўлмаслиги масаласи номаълумлигича қолмоқда.

Менимча, жамғариб бориладиган пенсия таъминотига пул ажратиб боришни ихтиёрий равишда танлаш ҳуқуқини бериш, уни иш берувчи эмас, балки ишчининг ўзи мустақил равишда жамғариб бориши тизимини йўлга қўйиш, агар ишчи хоҳламаса умуман пул ўтказмаслиги мумкинлигини белгилаш лозим. Чунки бугунги кундаги жамғариб бориладиган пенсия таъминоти бўйича ўтказиладиган пуллар ишчилар учун деярли йўқотилган пуллар ҳисобланади. Пенсия ёшига етгач ҳеч қандай индексация қилинмасдан инфляция натижасида қадрсизланиб улгурган пулнинг аҳамияти батамом йўқолади. Шу сабабли бу тизимни ҳам тубдан ислоҳ қилиш ва жозибадор бўлган жамғарма омонатлар, суғурта хизматларини таклиф қилиш мақсадга мувофиқ.

Бу фақат иш ҳақи тўловлари бўйича солиқдаги ўзгаришларга нисбатан билдирилган фикрларим, қолган турдаги ўзгаришлар ҳақидаги фикрларимни кейинги мақолаларда бериб ўтаман.

Мансур Тангишов,
молиячи эксперт

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг