Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Суд ва ОАВ: бунақаси бўлган эмас...

Суд ва ОАВ: бунақаси бўлган эмас...

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий судида шунақа бир тадбир уюштирилдики, бунақаси аввал бўлган эмас. Яъники, Олий суд, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги ҳуқуқий журналистика кенгаши ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Эътиборлисики, «Судлар фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципини таъминлашда ОАВнинг ўрни ва роли» мавзуидаги ушбу тадбир видеоконференцалоқа шаклида амалга оширилди. Бу ўз-ўзидан унинг аудиторияси катта бўлганини англатади. Шу боис унда икки соҳанинг марказдаги наинки «катталари», балки барча ҳудудий теле ва радиоканаллар, босма ва электрон нашрлар журналистлари ҳамда жойлардаги судлар мутасаддиларининг ҳам бевосита иштирокига замин яратилди.

Дарҳақиқат, аввал бунақаси бўлган эмас. Ташкилотчиларга алоҳида ташаккурларимиз...

Бундай катта аудиторияни қамраб олган тадбир учун белгиланган икки соат вақт — албатта, камлик қилади. Шундай бўлди ҳам. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси Козимжон Комиловнинг кириш сўзи, сўнг жиноят, фуқаролик, маъмурий ҳамда иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатларида кўрилган ишлар хусусида берилган ахборотлардан ташқари Олий суднинг яна учта бошқарма ва битта департаменти раҳбарлари чиқишларининг ўзи белгиланган вақтни «еб қўйди».

Албатта, Олий суд мутасаддиларининг ахборотларидаги ғиж-ғиж рақамлар, уларнинг аввалги йиллардаги таққоси-ю хулосаларидан келиб чиқилса, журналистлар катта маълумот ҳамда тасаввурларга эга бўлди. Бироқ барибир катта тадбир учун белгиланган қисқа вақт кутилган баҳс-мунозаралар учун имкониятни чеклаб қўйгандек...

Рост, тадбирда ҳуқуқий журналистканинг саноқли вакиллари сўз олди, мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди. Фарқ шунда бўлдики, ҳамкасб-устозлар чиқишларида Олий суд раҳбариятига тадбир учун ташаккур, ширин лутф ва журналистлардаги камчиликлар кенгроқ ўрин олган бўлса, суд ходимлари асосан ўз фаолиятидаги ютуқларни сўзладилар. Мухтасар баҳс-мунозара эса журналистларнинг суд мажлисига киритилиши, унда ўз хизмат қуролларидан фойдаланиш масаласи, аксарият ҳолатларда суд раислари томонидан процессдан аудио-видео воситаларидан фойдаланишни таъқиқлаш теварагида бўлди. Модомики, судлар фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципини таъминлаш тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ажралмас бўлаги экан, бу ҳол оммавий ахборот воситалари вакиллари учун судлар эшиги каттароқ очилишини талаб этади.

Бугун ўтган тадбир бу борада ташланган катта қадам бўлса, не ажаб?!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг