Телеграмдаги «сирли ошиқ» йигит қиз бўлиб чиқди
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати ходими, капитан Муроджон Раҳматуллаевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, фуқаролар ўртасида бир турдаги икки жиноят содир бўлган. Бирида бош «рол»да аёл, бошқасида эса эркак бўлган
Телеграммдаги «сирли ошиқ» йигит
Таъкидланишича, Бухоро шаҳрилик Р.Д. исмли қизнинг телеграмм тармоғига «Феруз» исмли йигитдан ишқу муҳаббатга тўла «смс»лари келган. Р.Д. экран ортидаги «сирли ошиғи»нинг ширин сўзларига маҳлиё бўлган. «Феруз» билан ишқий ёзишмалар аввалига суратлар алмашинувига, кейин видеолар алмашинувига ўтган. «Феруз» орадан кўп ўтмай, Р.Д.дан ярим-яланғоч ҳолдаги суратларидан жўнатишини сўраган. «сирли ошиқ»қа ишонган Р.Д. унга шахсий ҳаётига оид сирли сурат ва видеоларини юборган. Бироқ, вақт ўтиб, романтик муносабатлар ўрнини таҳдид эгаллай бошлаган. «Феруз» қиздан 6000 АҚШ доллари талаб қилиб, акс ҳолда, ушбу шахсий материалларни унинг яқинларига тарқатиб юбориш билан қўрқитган.
Р.Д. ҳолат юзасидан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасига хабар берган. Бошқарманинг Тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан махсус тезкор тадбир ўтказилиб, «Феруз» талаб қилган пулларнинг бир қисми - 2 миллион сўм пластик карта орқали ўтказиб берилган. Мазкур жараёнда жиноятчи ашёвий далиллар билан воқеа жойида қўлга олинган.
«Энг ҳайратланарлиси, «Феруз» ниқоби ортидаги «йигит» жабрланувчининг яқин дугонаси яширингани аниқланди. Унинг ягона мақсади эса пул бўлган. Айни пайтда гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси, 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда»,-дейди Муроджон Раҳматуллаев.
Видеоқўнғироқ орқали «шантаж»
Видеоқўнғироқлар орқали ишонч қозониб, номус билан «шантаж» қилган товламачи қўлга олинди.
Асли Жондор туманидан бўлган, икки нафар фарзанднинг отаси фуқаро Ш.Ж. олдиндан режалаштирилган қора мақсадини амалга ошириш йўлига кирган. У бу мақсадини амалга ошириш учун 1999 йилда туғилган, ҳали турмуш қурмаган ўзига аввалдан таниш бўлган қизни нишонга олган.
WhatsApp мессенжери орқали ўтказилган видеоқўнғироқлар давомида гумонланувчи қизни алдаб, унинг яланғоч ҳолатдаги видеотасвирларини яширинча ёзиб олган. Бу ҳолат оддий эҳтирос эмас, балки, пухта ўйланган жиноий тузоқ бўлган.
Қўлида шармандали далиллар мавжудлигидан фойдаланган ҳолда, у қизнинг номуси ва шаъни билан ўйнашишга ўтган. Видеотасвирларни қизнинг ота-онаси, қариндошлари ҳамда иш жойига тарқатиш, шунингдек, интернет тармоқларига жойлаштириш билан таҳдид қилган. У бунинг эвазига 26 миллион сўм пул талаб қилган.
Бироқ, жабрланувчида бундай миқдорда пул мавжуд бўлмаган ва қўрқув, босим остида чорасиз ҳолатга тушган.
Мазкур жиноят Бухоро вилояти ИИБ тезкор-қидирув ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ўз вақтида аниқланиб, фош этилган. Бухоро шаҳри кўчалардан бирида ўтказилган тезкор тадбир давомида товламачи ўзининг жиноий шериги орқали талаб қилинган пул маблағининг 5 000 АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинган
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter