Тийиқсизлик. Ҳатто туркларнинг ўзига ҳам кулгига қолдик
Бугун турк дугоналаримдан бири менга, 14 февраль куни Ўзбекистонга келган таниқли турк актёри Бурак Ўзчивитнинг Ўзбекистондаги нуфузли ва таъсир кучига эга шахсларнинг рафиқалари, тадбиркор аёллар ва модел қизлар билан Тошкентда кечки зиёфат устида учрашгани ҳамда бунинг учун икки миллион лира, яъни салкам 377 минг АҚШ доллари миқдорида ҳақ олгани ҳақидаги Туркия нашрларида чиққан хабарлардан бирини ва ўша зиёфатда олинган (қиз-жувонларнинг навбат талашиб, оҳ-воҳ қилиб Ўзчивит билан суратга тушишаётгани акс этган) видеоларни интернет орқали менга юборибди ва хабар остида «??????????» тарзида белги қолдириб, ўз ҳайронлигини ифодалабди. Ростини айтсам, унга жавоб ёзолмадим. Нима дейман? «Бу ҳали ҳолваси! Сен мана буни кўр!» дея, ўша актёрнинг Тошкент кўчасида кетаётганида (турк артисти деса, ўзини томдан ташлайдиган) бир тўда ўзбек қизлари қуршовида қолганини, у қизларнинг бу актёрга кучук боладек эргашиб, бирга суратга тушамиз дея тирғалишгани видеосини юборайми?! Ёки кап-катта санъаткор хотинларнинг бу йигитни еб қўйгудек бўлиб олқишлашганини, (эҳтимол, эрига ҳам айтмайдиган) ширин сўзлар билан омма олдида эркалашганини айтайми?!
Бу тийиқсизликлардан (ҳеч бўлмаганда) дунёнинг ярми хабардор бўляпти, уят эмасми?!
Қадди-қомати ва чиройи билан пул топадиган ўша битта модел йигитга бунчалик ташна ишқибозлик билан бутун ўзбек эркакларининг орини, номусини ерга тиқиб юбораётганини ўша хонимчалар англайдими ўзи? Ёки Ўзбекистонда битта турк эркагичалик кўримли эркак қолмаган-у, шунинг учун бу қиз-жувонлар унга осилиб олишяптими?!
Ўша – «Ўзбекистондаги нуфузли ва таъсир кучига эга шахсларнинг рафиқалари, тадбиркор аёллар ва модел қизлар» битта турк артисти билан зиёфат қилишга сарфланган пулларга юртдаги қанча ночор, ногирон, қашшоқ одамларнинг; XXI асрда ҳам газсиз, светсиз, сувсизликдан қийналиб яшаётган қанча қишлоқ одамларининг ҳаётини ижобий томонга ўзгартириб юбориш мумкин эканлигини тафаккур қилмайдиларми?.. Бекор шундай дедим. Албатта тафаккур қилмайдилар. Йўқса, иқтисод аравасини қийналиб тортаётган юртда бунақа исрофгарчилик қилиш; битта ажнабий артист эркак билан бир дастурхонда ўтириш, бирга суратга тушиш учунгина бу даражада харажат қилиш ғирт шармандалик эканини англаган бўлардилар.
Бир вақтлар битта «маликамиз» туркларнинг актёри билан бир кеча «зиёфат» қилиш учун эҳ-ҳе, неча миллион долларларни ҳадя қилиб юборганди, ўша ишларнинг шармандалиги ҳали аримай туриб, исноднинг янги турларини намоён қилишга ўтдикми?! Уят! Уят! Уят!
Йўқ, булар «тадбиркор», «нуфузли» бўлгани билан, халқдан йироқ одамлар. Улар шу даражада «тепалаб» кетганки, пастдаги ҳақиқий аҳволни кўрмайди.
Бир вақтлар француз қироличаси Мария-Антуанетта халқининг ғалаён қилаётгани ҳақида эшитиб, «Булар нима исташяпти ўзи?» деса, «Халқнинг ейишга нони йўқ, маликам», дейишади мулозимлар. Малика ҳайрон бўлади-да:
— Тавба! Шуям муаммоми? Нонлари бўлмаса, пирожний ейишсин, — дейди. Мен анави — машҳур ажнабий эркаклар билан «зиёфатталаб», «дийдорталаб» хонимларнинг халқ ҳақидаги тушунчасини Антуанетта хонимнинг ўз халқи ҳақидаги тушунчасига ўхшатдим...
Хўп, Бурак деганлари хушрўйдир, иқтидорлидир, лекин бу – ўзини тута билмайдиган қиз-жувонларнинг бутун ўзбек эркаклари шаънини ерга уришига сабаб бўлолмайди-ку! Нима, ўзбекнинг шу битта артистчалик хушрўй, иқтидорли, кўркам йигитлари йўқми?! Ана, уларнинг қанча-қанчаси бола-чақа боқаман деб, Россия-ю, қозоқ элларида оғир меҳнат остида умрини совуряпти, тўғрироғи, шунга мажбур бўляпти.
Юзлаб қишлоқларимизда иссиқ кунлари гўнг чангаллаб таппи қилиб, қишда ўша билан уй иситадиган аёллар бор экан; рўзғорини учма-уч тебратаётган оилалар бор экан; бемор боласини четда даволатишга пул тополмай, унинг «умри борича яшайверишига» ноиложликдан, қон ютиб кўнадиган бечоралар бор экан; свет ёнганида озгина мультфильм кўриб олса, ирғишлаб қувонадиган шўрлик болалар бор экан, буларнинг бунақа исрофгарчилик қилишга, миллионлаб пулларни битта артист йигитчанинг чўнтагига тиқиб юборишга нима ҳаққи бор?!
Четдаги енгилтак аёлларимиз туфайли керагича шарманда бўлгандик, энди бунақасига шармисор, кулги бўлишга ўтдик. Ишонаверинг, мана шу йигитчага кўрсатилган «алоҳида эътибор ва ҳурмат» туфайли туркларнинг ўзига ҳам роса кулгига қолдик. Чунки, мен у ёқларда битта актёрни деб шармандаликни бўйнига илворадиган қиз-аёлларни умуман кўрмаганман. Биз оиламиз билан яшаган шаҳарчада Туркиянинг донгдор сиёсатчилари, актёрлари, қўшиқчилари яшарди. Туркиянинг ўша вақтдаги бош вазири Аҳмад Довудўғли жаноблари билан (бир уй нари) қўшни эдик. Ёнимиздаги кўчада машҳур қўшиқчи Эмраҳ яшарди. Уям кўчада ҳамма қатори, эътибор тортмай юрарди. Бирорта қиз-аёлнинг уни кўрганда итдек эргашиб, қувиб етиб олиб, суратга тушайлик деб осилганини кўрганимиз йўқ.
Бизлар шунчалик ҳам тоши енгил одамлармизми? Қиз-аёлларимиз битта ажнабий артистни деб ҳушидан айрилгудек бўлса; уни кўрганда уят-ҳаёни ҳам йиғиштириб, миллат эркаклари шаънига тупуриб қўйса, улардан туғилажак авлодлар миллатимизга нима кароматлар кўрсатаркин ҳали!
...Мени «арзимаган нарсадан муаммо ясашда» айбламанг. Бу арзимаган нарса эмас. Чет элдагилар ҳам ҳайрон қолиб, ажабланяптими, уялтиряптими – арзимаган нарса эмас.
Хулласи калом, бир турк адиби таъбири билан айтганда: «Бу кетишда уялишдан уяладиган авлод майдонга келажак!»...
Дилфуза Комил
Муаллифнинг телеграмдаги каналидан олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter