Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тожикистонлик журналистлар: «Таассурот ва ҳайратимиз чексиз» (видео)

Тожикистонлик журналистлар:  «Таассурот ва ҳайратимиз чексиз» (видео)

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига расмий ташрифидан сўнг Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Тожикистон Журналистлари иттифоқи ўртасида «Ҳамкорлик Меморандуми» имзоланган эди.

Ушбу келишувга кўра, жорий йилнинг 23 ноябрь куни Тожикистон Журналистлар иттифоқи делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Тожикистон Республикаси телерадиоканаллари раҳбарлари, марказий нашрлар бош муҳаррирлари, Ахборот хизматлари вакилларидан иборат делегация Тошкент шаҳри, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида бўлиши белгиланган.

Дастлаб иттифоқ вакиллари Амир Темур ва Темурийлар даври тарихини ўрганувчи, аждодларимизнинг бой моддий ва маънавий меросини ўзида мужассамловчи Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюришди.

Шундан сўнг Тожикистон Журналистлар иттифоқи делегацияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш қўмитаси аъзолари билан учрашди.

Сенатда бўлиб ўтган расмий учрашувдан сўнг Тожикистон Республикаси телерадиоканаллари раҳбарлари, марказий нашрлар бош муҳаррирлари, Ахборот хизматлари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистон Миллий матбуот марказига келишди. Марказда қўшни давлат делегацияси учун маҳаллий газета ва журналлар кўргазмаси ташкиллаштирилди. Шунингдек, соҳадаги ютуқ ва камчиликлар муҳокама этилди.

Кечга яқин бир гуруҳ делегация вакиллари Тошкент телеминорасига ташриф буюришди. Дунёнинг буюк бинолар федерациясига 1991 йилда аъзо бўлган телеминора Тошкет гавҳари дея тан олинган ва ўзида жуда бой тарихни мужассам этади. Шунингдек, баландлиги бўйича дунёда 13 ўринда туради. Шаҳарни 110 метр баландликда кузатишга муваффақ бўлган меҳмонлар билан ўзаро фикрлар алмашинилди. 

Тожикистонлик журналистлар делегацияси ташрифининг иккинчи куни Тошкентнинг диққатга сазовор жойларидан бири, халқ орасида «Хаст Имом» номи билан машҳур бўлган – Ҳазрати Имом мажмуасидан бошланди.

Фото: Xabar.uz

Зиёратдан сўнг, делегация вакиллари Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ташриф буюришди.

Меҳмонлар Университет фаолияти, телерадио, газета, интернет, медиа йўналишларида билим олиш ниятида бўлган талабаларга нафақат назарий, балки амалий тажриба орттиришлари учун ҳам барча шароитлар яратилганига гувоҳ бўлишди. 

Фото: Xabar.uz

Дастурга меҳмонлар алоқа соҳасидаги ютуқлар ҳақида маълумотга эга бўлиш учун Тошкент шаҳридаги IT-Parkга ҳам ташриф буюришди ва Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда IT соҳасидаги ютуқлари билан яқиндан танишдилар.

Фото: Xabar.uz

Ташрифнинг кейинги кунларида меҳмонлар Бухоро ва Самарқандга саёҳат қилишади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг