Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент вилоятидаги 210 та чорраҳада светофорлар янгиланади

Тошкент вилоятидаги 210 та чорраҳада светофорлар янгиланади

2026–2027 йилларда вилоят ҳудудидаги 210 та чорраҳада светофор қурилмаларини тўлиқ янгилаш ва уларни интеллектуал транспорт тизимига улаш режалаштирилган.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевга қилинган транспорт ва йўл инфратузилмасини бошқаришни замонавий босқичга олиб чиқишга доир тақдимотда қайд этилишича, жумладан, 50 та объектга тезликни қайд этувчи замонавий қурилмалар ўрнатилади.

Бундан ташқари, 210 та чорраҳада йўл ҳаракатини назорат қилувчи қурилмалар жойлаштирилиши, жумладан, 10 таси ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камарини тақмаслик ҳолатини аниқловчи камералар билан жиҳозланиши кўзда тутилган.

Мазкур ишлар натижасида вилоятда йўл ҳаракати хавфсизлиги сезиларли даражада ошиши, тирбандликлар камайиши, транспорт оқимининг самарали бошқарилиши ҳамда фуқаролар учун янада қулай ва хавфсиз ҳаракат муҳити яратилиши кутилмоқда.

Тақдимот якунида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ушбу лойиҳа нафақат транспорт соҳасида, балки умуман туман-шаҳарлар инфратузилмасини бошқаришда янги босқични бошлаб беришини таъкидлади. Шунингдек, масъулларга ишлар сифатини қатъий назорат қилиш, жорий этилаётган тизим самарадорлигини ошириш ва аҳоли учун қулайликларни янада кенгайтириш бўйича қатор топшириқлар берди.

Маълумот учун, вилоятда бугунги кунга қадар 7 та чорраҳада мавжуд светофор қурилмалари тўлиқ янгиланган, 8 та чорраҳада эса йўл ҳаракатини назорат қилувчи замонавий комплекслар ўрнатилган. Шундан 5 таси ҳайдовчиларнинг хавфсизлик камарини тақмаслик ҳолатини аниқловчи камералар билан жиҳозланган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг